ОАВ: «Крокус» ишига алоқадор яна беш киши март ойи охирида Доғистонда ҳибсга олинган

rbk.ru сайти фотосурати

Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактда иштирок этганликда гумон қилинаётган беш кишининг ҳибсда сақлаб муддати бир кун олдин суд томонидан декабргача узайтирилган эди. Улар 31 март куни Доғистонда ҳибсга олинган. Бу ҳақда ТАСС РФ ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб хабар беради.

Аниқлик киритилишича, Шахромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Хусайн Ҳамидов, Мустаким ва Умеджон Солиевлар (террорчилар ва экстремистлар реестрига киритилган) Доғистоннинг Каспийск ва бошқа шаҳарларида ўтказилган аксилтеррор операцияси давомида хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган. Дастлаб, улар Федерациянинг ушбу субъектида ҳибсда бўлишган, аммо кейинчалик уларга нисбатан эҳтиёт чораси узайтирилиши учун Москвага олиб келинган.

Тергов маълумотларига кўра, бу фуқаролар «Крокус»га ҳужум қилган шахсларни қуроллар билан таъминлаган.

29 август куни Москванинг Басманний туман суди мазкур айбланувчиларни ҳибсда ушлаб туриш муддатини уч ойга узайтирди. Шу билан бирга, уларнинг исм-шарифлари биринчи марта ошкор этилди, бироқ расмийлар судланувчиларнинг фуқаролигига аниқлик киритишмаган. Маълумки, гумонланувчилар Жиноят кодексининг «Террорчилик акти», «Террорчи ташкилотида иштирок этиш», «Портловчи моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш» каби қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларда айбланмоқда.

Аммо кейинроқ оммавий ахборот воситаларида гумонланувчи беш нафар шахсдан тўрттаси Тожикистон фуқароси экани ва яна бири Марказий Осиёнинг шу республикасида туғилгани, лекин Россия паспортига эга экани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Журналистлар Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳам боғланиб, концерт залида содир этилган терактда айбланаётган мазкур шахсларнинг бирортаси ҳам ўз ватанида қидирувда бўлмаганини аниқлашган.

ℹ️ Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида теракт 22 март куни «Пикник» рок-гуруҳи чиқишидан олдин содир бўлганди. Камуфляждаги бир неча қуролланган киши мажмуага кириб, одамларни ота бошлаган. Улар конценрт залига келиб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Ҳужум оқибатида 145 киши ҳалок бўлган.

23 март куни эрталаб ҳодисага алоқадор кимсалар қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Биринчи бўлиб Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов ҳибсга олинган.

Жами 12 айбланувчи, жумладан, 4 нафар ҳужумчи, уларга машина сотган уч нафар одам, террорчиларга квартира ижарага берган ёки уларга пул ўтказмаларини юборган шахслар ҳибсга олинган. Бошқа маълумотларга кўра, 18 киши ҳибсга олинган, яна икки киши яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисида тилхат берган.

Ҳужум учун жавобгарликни «Ислом давлати»нинг Афғонистондаги бўлими («ИШИД Хуросон, «Вилоят Хуросон», ISIS-K номи билан ҳам танилган) ўз зиммасига олган. Ушбу ташкилот Россия Федерацияси ва бошқа кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган.