Ҳуқуқ ҳимоячилари Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга республика фуқароларининг хорижга чиқиши бўйича асоссиз чекловларни бекор қилишни сўраб очиқ хат ёзиб юборишди. «Хроника Туркменистана» нашрида эълон қилинган ҳужжатга ўнлаб жамоат арбоблари ва халқаро ташкилотлар вакиллари имзо чекишган.
Мурожаат муаллифлари, мамлакатда айрим фуқароларни бесабаб рейсдан олиб қолиш одатий ҳолга айланганини ёзадилар. Мисол сифатида Туркманистон ҳукуматини тез-тез танқид қиладиган фаол Ҳамида Бабажанова билан боғлиқ воқеа келтирилади. 2016 йилдан буён у Туркияда яшайди, аммо унинг қариндошлари ўз юртида ҳокимият зўравонлигидан азоб чекишмоқда. Масалан, ўтган йил апрель ойида чегарачилар фаолнинг 74 ёшли онаси Якутжон Бабажановани умра сафарига боришига рухсат беришмаган. Фақат 2023 йил августда, бу воқеа халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари эътиборини тортгандан сўнггина, мамлакатдан чиқиш чеклови олиб ташланган.
Аммо расмийлар Бабажанованинг бошқа қариндошларига нисбатан тақиқларни қўллашда давом этганлар. Жорий йили унинг иккита синглисига Ашхободдан учишга рухсат берилмаган: бири — Туркияга, иккинчиси — Ўзбекистонга. Миграция идорасига мурожаат қилишганидан сўнг, улар тақиқ сабаблари ва давомийлиги кўрсатилмаган ҳолда, тақиқнинг расмий тасдиғини олишган.
Президентга йўлланган мактуб муаллифлари, шунингдек, чет элга чиқишга оммавий рад жавоблари кузатилётганини ёзадилар. Хусусан, Туркияда ўқишни режалаштираётган фуқаролар сабабсиз равишда рейсдан олиб қолинган.
«2024 йил 12 августда Ашхобод аэропортида чегарачилар 20 нафар талабани самолётга қўйишмаган, 28 августда эса Туркиянинг турли олий ўқув юртларига бормоқчи бўлган 60 нафар кишининг учишига тўсқинлик қилинган», — дея кўрсатилган мактубда.
Бир нечта йўловчига чегарачилар чет элга боришга ҳожат йўқлигини, чунки улар ўқимоқчи бўлган университет ёпилганини айтишган. Аммо бу маълумот ёлғон экани аниқланган. Шунингдек, расмийлар Туркманистон фуқароларига бошқа мамлакатларда диплом олишни тақиқлайдиган ҳужжат борлигига асосланишган, бу эса ўз навбатида фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқини бузади. Бироқ, бундай маълумотлар ҳам сохта экани аниқ, чунки икки-тўрт минг доллар эвазига тақиқни бекор қилишга тайёр воситачилар борлиги маълум.
«Биз сизни Ҳамида Бобожонова қариндошлари ва Туркияда таҳсил олаётган талабаларнинг 2024 йил ёзида хорижга чиқишга қўйилган ноқонуний чекловларни зудлик билан бекор қилиш чораларини кўришга чақирамиз», — дея мурожаат қилади ҳуқуқ ҳимоячилари кичик Бердимуҳамедовга.