Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг икки ўринбосарини ишдан бўшатди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фармони билан Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг икки ўринбосари лавозимидан озод этилди, деб хабар берди Оқўрда матбуот хизмати.

Руслан Темиргалиевич Сейсембаев Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари – аксилтеррор хизмати раҳбари лавозимидан озод этилди. Асқар Баймерденович Амерханов Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари – Ташқи разведка хизмати директори лавозимидан озод этилди, дейилади нашр ҳужжатида. Ушбу қарор сабаблари ҳақида маълумот келтирилмаган.

Миллий хавфсизлик генерал-майори Руслан Сейсембаев 2023 йил апрелидан буён МХҚ раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Асқар Амерханов худди мазкур лавозимни 2022 йил январида, қўмита собиқ раҳбари Карим Масимов (у ва унинг бир қанча ўринбосарлари кейинчалик давлатга хиёнат ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган) истеъфога чиққанидан сўнг ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб эгаллаганди.

2023 йил апрель ойида Асқар Амерханов ташқи разведка хизмати директори этиб тайинланганди.

Ҳозирги истеъфолар МХҚда 2022 йил январидаги тартибсизликларда қўмита раҳбарияти айбланган сўнг юз бераётган қатор кадрлар ўзгаришининг давомидир. Ўтган ёзда Қозоғистон президенти МХҚ раисининг яна бир ўринбосари, 62 ёшли Марат Колкобаевни ишдан бўшатган эди. Ўшанда ORDA.kz сайти Колкобаев январдаги тартибсизликлар, жумладан, унинг собиқ бошлиғи Карим Масимов иши бўйича терговда иштирок этганини ёзганди. У генерал-майор унвони билан лавозимини тарк этган. Колкобаев 2-даражали «Даңк», 2-даражали «Айбын» орденлари ва идоравий орден ва медаллар билан тақдирланганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди