USAID Ўзбекистонда истиқболли бизнес лойиҳаларига грантлар ажратиш бўйича танлов эълон қилди

uz.usembassy.gov сайти фотосурати

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда амалга оширилаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида танлов эълон қилди. Истиқболли ташаббусларга 100 минг долларгача грант ажратилади, дейилади АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси сайтида чоп этилган хабарда.

Аниқлик киритилишича, грант миқдори 25 минг доллардан 100 минг долларгача бўлиши мумкин.

Бироқ, маблағ тадбиркорларга қўшма молиялаштириш асосида берилади, кўпчилик рақобатчилар учун USAID лойиҳа қийматининг 50 фоизини таъминлайди.

Аёллар, ёшлар ва бошқа заиф гуруҳлар имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ бизнес ғояларига эътибор қаратилганлиги сабаб, АҚШ ташкилоти ташаббусни амалга ошириш учун зарур бўлган харажатларнинг 80 фоизини қоплайди.

USAIDнинг янги дастури ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва асосий тармоқлар, жумладан, тўқимачилик, туризм, яшил иқтисодиёт ва ахборот-коммуникация технологияларида ўсишни рағбатлантиришга қаратилган. Унда, биринчи навбатда, фаолияти фуқароларнинг ижтимоий интеграцияси билан боғлиқ бўлган кичик ва ўрта бизнес ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Америка агентлиги 2024 йил 15 октабрига қадар грант дастурида иштирок этмоқчи ўзбекистонлик ишбилармонлардан аризаларни қабул қилади.

Қайд этилишича, ушбу ташаббус барқарор бизнес экотизимини ривожлантиришга қаратилган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик лойиҳанинг бир қисми бўлиб, пировардида Ўзбекистон иқтисодиётининг узоқ муддатли ўсишига олиб келади.

ℹ️ USAID агентлиги АҚШ ҳукумати томонидан 1961 йили Жон Кеннеди ташаббуси билан ташкил этилган. Ташкилотнинг мақсадлари демократия, иқтисодиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдир. Агентлик фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатади ва дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида можароларнинг олдини олишга ёрдам беради. USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни бартараф этиш, аҳоли эҳтиёжини қондириш йўлида ҳукумат салоҳиятини ошириш билан боғлиқ лойиҳаларда ҳамкорлик қилади.