Тўқаев Миллий гвардия раҳбарини коррупция можароси фонида алмаштирди

Ансаган Балтабеков. gov.kz сайти фотосурати

Ансаган Балтабеков Ички ишлар вазирининг янги ўринбосари – Қозоғистон Миллий гвардияси бош қўмондони этиб тайинланди. Тегишли фармойиш Президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланди.

Балтабеков 2022 йил январидан буён Миллий гвардияни бошқариб келган Эркин Бўтаканов ўрнини эгаллади.

Балтабеков бунгача Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Худди шу хизматда 2002 йилдан 2017 йилгача турли офицер ва раҳбарлик лавозимларида ишлаган, миллий хавфсизлик органларида ҳам фаолият юритган.

Миллий гвардия раҳбарининг ўзгартирилиши ҳарбий хизматчилар билан содир бўлган бир нечта ноҳуш воқеалар фонида содир бўлди. 12 сентябрь куни 6505-ҳарбий қисм офицери полигонда оёғидан ўқ жароҳати олган. Бир кун аввал Миллий гвардиянинг 5571-ҳарбий қисми ҳарбий хизматчиси ўқ отиш амалиётидан сўнг қуролини топшириш пайтида қўлидан жароҳат олган.

Ўтган ёзда Остонада Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Қайсар Султоновнинг ўлими юзасидан тергов ишлари якунланган эди. Бундан ташқари, Tengrinews.kz нашрининг эслатишича, ҳарбий хизматни ўтаётиб бошидан жароҳат олган оддий аскар Эрбаян Мухторнинг иши тергов қилинмоқда. Энди у гапиролмайди, овқатлана олмайди ва мустақил нафас ололмайди. У беш марта операция қилинган, аммо улар муваффақиятсиз кечган. Йигитнинг ота-онасига Миллий гвардия ҳарбий қисмида ўғлининг ҳожатхонада йиқилиб, боши билан кафелга урилгани ҳақида хабар берилган.

Бундан ташқари, сентябрь ойи бошида Қозоғистон хавфсизлик кучлари Миллий гвардия бош қўмондонининг техника ва қуроллар бўйича ўринбосари, генерал-майор Константин Воронкин ҳибсга олинганини тасдиқлади. ОАВ хабарига кўра, у пора олганликда гумон қилинмоқда. «Ак Жол» партияси раиси ўринбосари Дмитрий Васильев ҳам айнан шу ишда айбланмоқда.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди