Осиё тараққиёт банки Тожикистон учун 15 миллион доллар қўшимча грантлар ажратишни маъқуллади. Бу маблағ Тожикистон ва Ўзбекистон подстанциялари ўртасида янги электр узатиш линиясини қуришга йўналтирилади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар берди.
Тожикистон шимолидаги «Сўғд» подстанцияси ва Ўзбекистондаги «Янги Сирдарё» подстанцияси ўртасида узунлиги 22 км, кучланиши 500 киловольт бўлган электр тармоғи қурилади. Бу Марказий Осиё энергетика тизими мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида электр энергияси экспорти ва импорти салоҳиятини оширади, шунингдек, тармоқдаги носозликлар олдини олиш учун инфратузилмани мустаҳкамлайди.
«Бизнинг ёрдамимиз минтақавий энергетика тизимининг барқарорлигини оширади ва минтақада иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ёрдам беради», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.
Банк матбуот хизматининг қўшимча қилишича, лойиҳа Тожикистон энергетика тизимининг минтақада қайта тикланадиган энергияни узлуксиз интеграциялашуви учун энергия ва частота оқимларини тартибга солишга тайёрлигини ҳам таъминлайди. Келажакда у Тожикистондаги Роғун ГЭСидан электр энергиясини узатиш схемасининг асосий таркибий қисмига айланади.
✅ Август ойида ОТБ Тожикистонга аввали объектларни модернизация қилиш лойиҳасига киритилмаган Бош ГЭС («Сарбанд» ГЭС) энергия блокини алмаштириш учун 21 миллион доллар миқдорида қўшимча грант ажратишни маъқуллаганди. Банк 2013 йили 136 миллион доллар ажратганди. Ишлар 2026 йилда якунлангач, «Сарбанд» миллий ва минтақавий энергия тизимларига электр энергияси етказиб бериш ҳажмини ошириши кутилмоқда, бу эса ички бозор учун ҳам, қўшни Афғонистонга сотиш учун ҳам ресурслар мавжудлигини оширади.
ℹ️ Тожикистон ОТБга 1998 йили аъзо бўлган. Ташкилот шу вақт ичида республикага энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 2,7 миллиард доллардан ортиқ, жумладан, 2,1 миллиард доллардан ортиқ грантлар ажратди.