Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов куни яшаш жойида бўлолмайдиган фуқароларнинг 16-23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз беришини тасдиқлади. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар берди.
Кўрсатилган кунларда сайлов участкаларида овоз бериш иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача, дам олиш кунлари эса 11:00 дан 17:00 гача давом этади. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш участка жойлашган мамлакат вақти билан соат 9:00 дан 18:00 гача ўтказилади.
ℹ️ Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси ва маҳаллий ҳокимият органларига навбатдаги сайловлар 27 октябрь куни ўтказилади. Унинг натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенесининг 65 нафар депутати, шунингдек, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва 208 та туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари сайланади.
Парламентга сайловлар илк бор аралаш сайлов тизими — мажоритар-пропорционал тизим бўйича ўтказилади. 75 нафар депутат бир мандатли округлар бўйича мажоритар тизим асосида (номзодга овоз бериш), қолган 75 нафари эса ягона округ бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида пропорционал тизим бўйича (номзодлар рўйхатига овоз бериш) сайланади.
Барча даражадаги депутатликка номзодлар сифатида 29 350 киши кўрсатилган. Улар Ўзбекистонда рўйхатга олинган барча сиёсий партияларни тақдим этади: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), «Миллий тикланиш» демократик партияси, Экологик партия, Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) ва «Адолат» социал-демократик партияси.