Футбол бўйича Қозоғистон терма жамоаси Миллатлар лигасида қаторасига учта ўйинда мағлуб бўлди.

Қозоғистон-Словения ўйинидан лавҳа. nur.kz сайти фотосурати

Қозоғистон терма жамоаси Миллатлар лигаси В лигаси гуруҳ босқичи 4-турида ўз майдонида Словения терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, гуруҳда сўнгги ўринга тушиб қолди.

Қозоғистон терма жамоаси сўнгги икки йил ичида словенияликлар билан уч марта тўқнаш келган – уч марта мағлуб бўлган. Бундан олдинги ўйинда эса, шу йилнинг сентябрь ойида қозоғистонликлар словенларга 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришганди. Бироқ, Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов маълум хулосалар чиқарилгани, Словения ва Австриядан йирик ҳисобда мағлубиятга учраган (0:4) бўлса-да, жамоанинг ўйини яхшиланиб бораётганини айтди. Учрашувнинг уй ҳолати ҳам ижобий натижага умид уйғотганди.

Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа таваккал қилмасликка ҳаракат қилишса-да, оғир вазиятлар яратишолди. Қозоғистонлик дарвозабон Игорь Шацкий бир неча бор голга тўстиқлик қилолди. Иккинчи бўлимда словенияликлар барибир гол уришга муваффақ бўлишди. 55-дақиқада Ян Млакар гол урди ва у ўйинда ягона бўлиб қолди.

Шу тариқа, Қозоғистон терма жамоаси умумий ҳисобда 0:8 ҳисобида кетма-кет учинчи мағлубиятга учради. Бундан ташқари, Қозоғистон терма жамоаси Миллатлар лигасининг тўртта ўйинида ҳам гол ура олмади. Норвегияга қарши 1-тур учрашуви 0:0 ҳисобида якунланди.

Параллел гуруҳ ўйинида Австрия терма жамоаси Норвегияни 5:1 ҳисобида мағлуб этди.

Гуруҳдаги якуний тақсимот қуйидагича: Норвегия – 7 очко, Австрия – 7, Словения – 7, Қозоғистон – 1 очко.

Бешинчи турда, 14 ноябрь куни Қозоғистон Австрияни, Словения эса Норвегияни қабул қилади.

ℹ️ Ўтган Миллатлар лигасида Қозоғистон терма жамоаси C лигасида гуруҳда ғолиб чиқиб, кўтарилиш ҳуқуқини қўлга киритди. В лигаси турнирнинг иккинчи кучли лигаси бўлгани учун ФИФА рейтингининг иккинчи юзлигидан жой олган Қозоғистон терма жамоасининг унда иштирок этишининг ўзи сенсацмя эди. Таққослаш учун: Норвегия ва Австриядан ташқари В лигасида Қозоғистон ҳеч қачон ўйнамаган жаҳон ва Европа чемпионатларининг Англия, Чехия, Туркия, Греция каби доимий доимий иштирокчилари ўйнайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ