«Ўзатом»: Кичик АЭС Ўзбекистон мулки бўлади

«Росатом» КҚАЭС лойиҳаси. rusatom-overseas.com сайти фотосурати

Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилаётган кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) Ўзбекистон мулки бўлади. Бу ҳақда Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (Ўзатом) Атом электр станциясини қуриш дирекцияси директори Отабек Аманов маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».

«Ушбу станция тўлиқ Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлади. Станция оператор — маҳаллий компания томонидан бошқарилади, яъни ҳозирда дирекцияга оператор ваколатлари берилган. Яъни, тегишли фойдаланиш лицензиясига эга бўлган давлат оператор компанияси томонидан бошқарилади», — деди у 15 октябрь куни «Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари» халқаро конференцияси доирасида журналистлар билан учрашувда.

Аманов кичик атом электр станциясини қуриш босқичларига тўхталиб ўтди:

👉 Ишларнинг бошланиши 2024 йилнинг кузига мўлжалланган, бунда қурилиш учун зарур инфратузилма яратилади ва тегишли ҳужжатлар имзоланади. Дастлабки босқичда қурилиш ишчилари учун шаҳарча қурилади;

👉2024-2029 йиллари ҳар бирининг қуввати 55 МВт, яъни умумий қуввати 330 МВт бўлган олтита реактор қуриш режалаштирилган. Реакторлар атом энергетикаси соҳасидаги хавфсизлик талаблари ва қоидаларини ҳисобга олган ҳолда бир участкада жойлаштирилади;

👉 Биринчи реактор 2029 йили — қурилиш ишлари бошланганидан 60 ой ўтгач фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Ҳар бир кейинги реактор олти ойлик интервал билан ишга туширилади. Олтита реакторга эга станциянинг тўлиқ ишга туширилиши 2032-2033 йилларга мўлжалланган.

Кичик АЭС лойиҳасида иштирок этиш учун хорижий компанияларни жалб қилиш режалаштирилган.

«Атом станцияси иккита йирик компонентдан иборат — бу ядро ороли ва ёрдамчи объект. Ядровий оролни, табиийки, бош пудратчимиз «Атомстроекспорт» («Росатом») билан реализация қиламиз. Ёрдамчи объект халқаро компаниялар иштироки билан халқаро лойиҳа бўлиши учун қандайдир тарзда бирлаштирмоқчимиз. Ҳозир вариантлар устида ишламоқдамиз», — деди Аманов.

Лойиҳани молиялаштириш юзасидан хорижий ва маҳаллий банклар билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Европа, Россия банклари ҳам, маҳаллий банклар ҳам бор. Чунки инфратузилманинг айрим қисмлари маҳаллий пудратчилар томонидан қурилади… Банкларнинг таклифлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан келишилади», — деди дирекция раҳбари.

Лойиҳа нархи ҳозирча очиқланмаган.

Кичик АЭС учун ядро ёқилғиси Россияда бойитилган ўзбек уранидан фойдаланилади.

«19 фоиз ёки 20 фоизгача бойитилган уран-235 оксиди ишлатилади. Мана бу ёқилғи импорт қилинади, лекин бир жиҳати бор. У маҳаллий ўзбек уранининг қайта ишланган хом ашёси асосида ишлаб чиқарилади. Яъни, ўзбек урани четга чиқарилади, тайёрланади, ёқилғи ишлаб чиқарилади ва қайтариб олиб келинади. Маҳаллий уран борлиги сабабли ёқилғи нархи анча арзон бўлади, деб умид қиламиз», — деди Отабек Аманов.

Унга кўра, ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб чиқилади, у ерда қайта ишланади ва баъзи зарур компонентлар Ўзбекистонга қайтарилади.

АЭСда ишлаб чиқилган электр энергиясини «Ўзенергосотиш» компанияси сотиб олади ва истеъмолчиларга «Миллий электр тармоқлари» тармоқлари орқали етказиб беради.

КҚАЭС Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида қурилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг бошқа ҳудудларида кичик атом электр станцияларини қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаевнинг сўзларига кўра, АЭС қурилиши мумкин бўлган 14 та майдонни дастлабки баҳолаш ишлари амалга оширилган.

ℹ️ Кичик АЭСни лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича шартнома 27 май куни Тошкентда Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи доирасида имзоланган эди. Шу муносабат билан томонлар 2018 йил 7 сентябрда тасдиқланган икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича ҳамкорлик битимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённомани имзоладилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кичик атом электр станциясини қуриш лойиҳасини муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаганди. «Дунёдаги деярли барча етакчи давлатлар ўз энергетик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини атом энергетикаси ҳисобига таъминламоқда. Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга»— деганди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ