Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Стратегияда қуйидагилар кўзда тутилган:
👉 сунъий интеллект (Artificial Intelligence, AI) асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;
👉 Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сунъий интеллект асосида кўрсатилаётган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш;
👉 сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини ўнтага етказиш ҳамда юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш;
👉 ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистонни биринчи 50 та ўриндаги давлатлар қаторига киришига эришиш.
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида АI ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази ташкил этилади. У сунъий интеллект ёрдамида тизимлар ва дастурларни текширади. Марказ фаолиятини Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан, шунингдек, стартапларда акциядорлик ҳиссаси ҳисобидан молиялаштиришга қарор қилинди.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2025 йил 1 январдан бошлаб Рақамли ривожланиш вазирлигига сунъий интеллектни ривожлантириш учун беш йил муддатга фоизсиз кредит кўринишида 50 миллион доллар ажратади.
2025 йил 1 сентябрга қадар лойиҳалар ва илмий-амалий тадқиқотларни зарур маълумотлар билан таъминлаш учун “катта маълумотлар” базаси яратилади. 2026 йилнинг 1 майига қадар сунъий интеллект технологияларини жорий этиш лойиҳалари доирасида маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган ҳисоблаш қувватлари ишга туширилади.
АI ни жорий этишнинг устувор йўналишлари қуйидагилардир:
▶️ банк-молия соҳасида — фирибгарликларнинг олдини олиш, тўлов қобилиятини баҳолаш (скоринг), бозор прогнозлари;
▶️ солиқ ва божхона соҳаларида — яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, шубҳали божхона операцияларини прогнозлаш, хавфларни бошқариш;
▶️ соғлиқни сақлашда – касалликларни тасхишлаш, даволаш усулларини белгилаш, тиббий тасвирларни таҳлил қилиш, беморга оид маълумотларини бошқариш;
▶️ қишлоқ хўжалигида — ҳосилдорликни прогноз қилиш, қишлоқ хўжалиги ресурсларини бошқариш, экинлар, парранда, балиқ ва чорва молларини етиштириш жараёнларини мониторинг қилиш;
▶️ энергетика соҳасида — энергия ресурсларини бошқариш, энергия ишлаб чиқариш ва тақсимлашни оптималлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва уларга бўлган талабни прогнозлаш.