Швециялик ҳуқуқшунос Ўзбекистонни Лотин Америкаси давлатлари билан таққослади

Патрик Олссон. Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона"

Лунд университети (Швеция) Ҳуқуқ социологияси кафедраси вакили профессор Патрик Олссон Тошкентда бўлиб ўтаётган Ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасидаги саволга жавоб берар экан, Ўзбекистон ва Лотин Америкасидаги демократлаштириш тараққиёти ўртасида ўхшашликка урғу берди.

«Мен Лотин Америкасида кўп йиллар ишладим ва демократлаштириш йўли қандай, қайси йўналишда кетаётганини, демократлаштириш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ислоҳ қилиш билан қанчалик чамбарчас боғлиқлигини, меъёрларни ўзгартириш қанчалик муҳим эканини кўрдим. Лекин бу вақт талаб этади. Одамларга очиқлик, инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқий ислоҳотлар, адолатга эришишга оид янги нормаларни қабул қилиш учун вақт керак. Бу осон иш эмас. Ўзбекистон тараққиёти менда катта таассурот қолдирди», — деди Олссон.

У Ўзбекистоннинг Лотин Америкаси давлатлари билан ўхшаш ва фарқли томонларини тилга олди.

«Ҳозир мен Лотин Америкаси мамлакатларидаги демократия ўтиш даврини Ўзбекистон тажрибаси билан таққослайдиган лойиҳада иштирок этяпман. Бу икки хил қитъалар. Лекин менинг ёндашувим шуки, биз Лотин Америкаси давлатлари йўл қўйган хатолардан сабоқ олишимиз керак. Масалан, диктаторлик ҳукм сурган режимларда одамлар ўз жиноятлари оқибатларига дуч келишларини тушунишлари керак. Қандай жазолаш мумкин? Трибуналлар амалиёти мавжуд. Айрим диктаторлар мамлакат [Лотин Америкаси] дан қочиб кетишган, шунингдек, маҳбусларнинг қийноқларга солиниши ва судсиз қатл этилишига масъул бўлган кўплаб амалдорлар ҳозир Франция ва Бразилияда яшамоқда. Бундай муаммоларни ҳал қилишга тўғри келади. Бу Ўзбекистонга хос ҳолат эмас, лекин бу тизимлар ўртасида ўхшашликлар бор ва маълум хулосалар чиқариш мумкин», — деб тушунтирди швециялик профессор.

ℹ️ 17-25 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалга татбиқ этишнинг янги босқичи» халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Тадбирда бир неча юз ўзбекистонлик ва хорижий сиёсатчилар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ