Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Тошкентда ўтказилаётган Маданий мерос ҳафталигининг очилиш маросимида ИЦМнинг Туркия, Россия ва АҚШ телеканаллари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида гапирди.
«Ҳафталик доирасида халқаро ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича 60 та шартнома имзоланиши режалаштирилган. Масалан, турк телеканали билан маданият ҳақида 10 қисмли сериал яратмоқчимиз. Россиянинг «Культура» канали билан Ўзбекистондаги археологик қазишмалар ҳақида сериал суратга олишни режалаштирганмиз. CNN билан ҳам фильм суратга олмоқчимиз. Умид қиламанки, барча режалар амалга ошади», — дейди Фирдавс Абдухолиқов.
У республикада Ўзбекистон маданияти ва илм-фанини оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
«Биз бу жараённинг фаол иштирокчиларимиз. Ушбу мулоқотга турли мамлакатлардан хорижий ҳамкасблар қўшилмоқда. Август охирида WOSCU VIII Халқаро Конгресси бўлиб ўтди, унинг доирасида биз Самарқанд декларациясини қабул қилдик. Уни 50 та давлатдан 400 нафар олим қўллаб-қувватлади. Тажриба алмашиш зарурлиги, Ўзбекистон цивилизациялар мулоқоти учун ажойиб майдон эканини ҳамма таъкидлади. Конгресс иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини билдирди. 25-26 октябрь кунлари барчани Ислом цивилизацияси марказига таклиф қиламан, у ерда тақдимотлар, учрашувлар бўлиб ўтади. Турли лойиҳаларни муҳокама қиламиз, шундан сўнг уларни амалга ошириш бошланади», — дея хулоса қилди Абдухолиқов.
Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновация музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.