Осиё тараққиёт банки кўргазмали яшил йўлакка айлантириш режалаштирилган Данғара-Гулистон йўлини модернизация қилиш орқали миллий автомобиль йўллари тармоғини яхшилаш учун Тожикистонга 86,67 миллион доллар миқдорида грант ажратади. Лойиҳа доирасида яшил йўлларни яратишнинг инновацион усуллари биринчи марта синовдан ўтказилади, деб хабар беради ОТБ матбуот хизмати.
«1930 йиллари қурилган ва 1970 йилларда реконструкция қилинган Данғара-Гулистон йўли Тожикистонда иқлим ўзгаришига мослашиш элементларини ўз ичига олган ҳамда аёллар ва қизлар манфаатларини ҳисобга олган махсус дизайндаги биринчи йўл бўлади», — дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
👉 49 км узунликдаги, икки қаторли, эскирган автомобиль йўли тўрт қаторли қилиб кенгайтирилади, болали аёллар ва имконияти чекланган шахслар учун велосипед йўлаклари ва пиёдалар йўлаклари қўшилади.
👉 Магистрал йўл бўйлаб ёритиш яхшиланади, хавфсиз ва аниқ белгиланган ўтиш жойлари қурилади, уларнинг дизайни ва жойлашуви жамоатчилик иштирокида лойиҳалаштириш жараёнида аниқланади.
👉 Оналар ва болалар учун алоҳида ҳожатхоналар ва кийиниш хоналари қурилади, жамоат транспортида ногиронлар учун имтиёзли ўриндиқлар бўлади.
👉 Қишлоқ жойларида электр транспорт воситаларини зарядлаш станцияларининг етишмаслиги Тожикистонда ушбу бозорнинг потенциал ўсишини чеклаб қўйгани сабаб, лойиҳа доирасида иккита тажриба зарядлаш станциясини қурилади ва ушбу секторни ривожлантиришга хусусий сармояларни рағбатлантириш учун инвестиция тизимини ишлаб чиқилади.
👉 Маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида лойиҳа доирасида аёллар учун тадбиркорлик бўйича тренинглар ташкил этилиб, келгусида уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун грантлар ажратилади.
Тожикистон ҳукумати 23 миллион доллар, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланиши шарти билан 2025 йил бошида 40 миллион доллар миқдорида қўшма молиялаштириш кредити ажратилади. Транспорт вазирлиги 2030 йилгача якунланиши кутилаётган лойиҳанинг ижрочи агентлиги бўлади.
ℹ️ ОТБ 1966 йили ташкил этилган ва 69 та давлатни ўз ичига олади, улардан 49 таси Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган. Тожикистон ОТБга 1998 йили аъзо бўлган. 26 йил давомида банк ушбу мамлакатдаги лойиҳаларга 2,7 миллиард доллардан ортиқ, жумладан, 2,2 миллиард доллардан ортиқ грантлар ажратган.