Январь воқеалари чоғида фуқарони қийноққа солган полиция ходими шартли жазога ҳукм қилинди

freepik.com сайти фотосурати

Олмаота шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди январь воқеалари чоғида қўлга олинган шахсни қийноққа солган полициячини 2,5 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди, деб хабар беради шаҳар прокуратураси матбуот хизмати.

Жазо Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддаси (Шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала, қийноқлар) бўйича тайинланган бўлиб, энг юқори жазо 12 йиллик қамоқ жазосини назарда тутади. Иш Олмаота махсус прокурорлари томонидан текширилган. Улар 2022 йил 8 январь куни полиция ходимининг Олмали тумани ИИБда ҳибсга олинган шахсни қийноққа солиб, унга «жисмоний азоб-уқубат» етказганини исботлашга муваффақ бўлишган.

Полициячи айбини тан олган ва процессуал келишув тузган. Эркинлик чекланишидан ташқари, у махсус унвон ва давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Суд ҳукми қонуний кучга кирган.

Аввалроқ суд Толдиқўрғонда январь воқеалари чоғида қўлга олинганларни қийноққа солган уч нафар собиқ полиция ходими 4 йилдан 6 йилгача муддатга қамаганди. 2023 йил февралида Толдиқўрғон суди қийноқлар қўллаш бўйича ишда иштирок этган беш нафар полициячини 3 йилдан тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилганди.

Ўша йил охирида Олмаота шаҳри Турксиб туман суди Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) 11 нафар ходимига худди шундай модда билан ҳукм чиқарганди. Тўполон пайтида қўлга олинган 50 дан ортиқ киши бу ишда жабрланувчи сифатида иштирок этган. Улар орасида қийноқлар натижасида ҳалок бўлган Ербол Ўтепбаев ҳам бўлган.

2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланган ва бу оммавий тартибсизликларга айланиб кетган. Шундан сўнг президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилади ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилади. 7 январга келиб вазият барқарорлашади, 19 январда мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинган. Тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатида 238 кишининг исми-шарифи келтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ