Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) қишлоқ мактаблари битирувчиларини Жанубий Кореяда ўқишга тайёрлашни бошлади. Жанубий Кореянинг Gimcheon High School мактаби билан ҳамкорликда кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли болаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда.
Тайёргарлик босқичида Самарқанд вилоятининг Иштихон, Оқдарё, Каттақўрғон ва Ургут туманларидан танлов асосида саралаб олинган беш нафар мактаб ўқувчиси SIUT да интенсив тайёргарликдан ўтмоқда. Дастур инглиз тили ва базавий корейс тили, шунингдек, математика бўйича махсус курсларни ўз ичига олади. Машғулотлар университет профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади ва SIUT Васийлик кенгаши раиси Бахтиёр Фазилов томонидан ажратилган махсус грант ҳисобидан молиялаштирилади. Тайёргарлик даврида ўқувчилар бепул турар жой, уч маҳал овқат билан таъминланади.
Жорий йил декабрь ойида тайёргарлик босқичини тугатгандан сўнг, лойиҳа иштирокчилари Gimcheon High Schoolда ўқишни давом эттирадилар. Жанубий Корея томони авиачипта, ўқиш, турар жой ва ўқув материаллари нархини қоплайдиган стипендия тақдим этади. Бундан ташқари, SIUT Кореяда уч йиллик ўқиш давомида яшаш харажатларини қоплаш учун молиявий ёрдам беради.
SIUT ва унинг Васийлик кенгаши лойиҳаси «Ўзбекистон 2030» стратегиясига ҳамоҳанг бўлиб, унинг мақсадларидан бири 2026 йилгача ёшларга талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш орқали камбағаллик даражасини икки бараварга камайтиришдир. Мазкур ташаббус ўз ватанига қайтиб, Ўзбекистон ривожига салмоқли ҳисса қўша оладиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
ℹ️ Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) 2022 йили ташкил этилган. Таълим 11 та мутахассислик бўйича инглиз тилида олиб борилади. Университетда нафақат Ўзбекистон, балки АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Фаластин, Қозоғистон, Тунис, Камерун, Жанубий Африка, Австралия каби давлатлардан профессор-ўқитувчилар ишлайди. SIUT ректори – Ўзбекистоннинг Россиядаги биринчи элчиси, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг биринчи ректори Юсуф Абдуллаев.