Душанбеда ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш ва давлатга хиёнат иши бўйича суд жараёни бошланди

ЧАПДАН ЎНГГА: САИДЖАФАР УСМОНЗОДА, АКБАРШО ИСКАНДАРОВ, ҲАМРОХОН ЗАРИФИЙ, АҲМАДШОХ КОМИЛЗОДА, ШОКИРЖОН ҲАКИМОВ. «ФАРҒОНА» КОЛЛАЖИ

18 ноябрь куни Душанбеда ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш ва давлатга хиёнат шов-шувли иш бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради «Азия-плюс».

Айбланувчилар курсисида таниқли тожик сиёсат ва жамоат арбоблари, жумладан, собиқ Саноат вазири Заид Саидов, собиқ Бош прокурор Бобожон Бобохонов ва Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раҳбари Маҳмадрўзи Искандаров бор.

Хабардор манбаларга кўра, бугунги суд мажлисида суд тўрт нафар айбланувчининг кўрсатмаларини тингланган. Улар орасида:

👉 Ҳамрохон Зарифий, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари;

👉 Абдулфаиз Атоий, бунгача Ташқи ишлар вазирлиги ахборот, матбуот, таҳлил ва ташқи сиёсатни режалаштириш бошқармасини бошқарган;

👉 Нурамин Ғанизода ва Жамшед Боев — Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ полковниклари.

Айбланувчиларнинг аксарияти Тожикистон Жиноят кодексининг 305 («Давлатга хиёнат») ва 306 («Ҳокимиятни босиб олиш») моддалари билан айбланмоқда. Айрим судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 247 («Фирибгарлик») ва 189-моддалари («Миллий, ирқий, маҳаллий ёки диний адоват қўзғатиш») бўйича айбловлар қўйилган.

Терговга кўра, айбланувчиларнинг иши бир-бири билан боғлиқ бўлишига қарамай, судланувчиларнинг аксарияти айбланаётган жиноятларга алоқадорлигини рад этишмоқда.

Жараён Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов изолятори ҳудудида ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Биринчи мажлис 14 ноябрь куни бўлиб ўтган. Маълумки, суд адвокатларнинг суд жараёнини очиқ судга ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этган. Ҳимоя томони ишни очиқ кўришни талаб қилган, бироқ судя суд мажлисларини тергов изолятори ҳудудида ёпиқ эшиклар ортида давом эттиришга қарор қилган.

Тожикистон расмийлари суд жараёни тафсилотларини ошкор этмаяпти ва буни кўриб чиқилаётган ишларнинг махфийлиги билан изоҳламоқда. «Мажлис тергов изолятори ҳудудида ўтказилмоқда. Иш материаллари махфий, бизда қўшимча маълумотлар йўқ», — дея жавоб берган Олий суд матбуот хизмати «Азия-Плюс» сўровига жавобан.

Айбланувчиларнинг яқинлари суд жараёнининг бориши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтишган. «Биз ҳеч нарсани билмаймиз. Бизни суд мажлисига киритишмаяпти», — деган улардан бири журналистларга.

ℹ️ Аввалроқ Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон Зарифий, Искандаров, Демократик партия раиси ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода ва Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари ўринбосари Шокиржон Ҳакимовлар июнь ойида ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринишда айбланиб ҳибсга олинган Тожикистон Демократик партиянинг собиқ раиси ва парламент депутати Саиджафар Усмонзода билан «яқин алоқада бўлганини» маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ