Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бош вазир, ўзининг Администрацияси раҳбари, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва ҳокимларга Россия-Украина ўртасидаги вазият кескинлашуви муносабати билан муҳим ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича шошилинч чоралар кўришни топширди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот котиби Серик Уали ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.
Уалининг хабари ижтимоий тармоқларда 21 ноябрь куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин нутқидан сўнг пайдо бўлди. Маълумки, Путин Украина қўшинларининг Ғарбда ишлаб чиқарилган ракеталар ёрдамида Россияга қилган ҳужумларига жавобан Россиянинг энг янги ўрта масофали «Орешник» тизимидан фойдаланган ҳолда Украина ҳудудига ҳужум уюштирилгани ҳақида гапирганди. Шунингдек, у можаро «глобал характерга эга бўлаётгани»ни таъкидлади.
«Давлатимиз учун барқарорлик, осойишталик, қонун ва тартибни сақлаш асосий стратегик мақсаддир. Қозоғистон бир неча бор икки славян халқи ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори бўлган», — деб ёзган Уали.
22 ноябрь куни эрталаб Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов ҳукуматнинг тезкор йиғилишини ўтказди. Унда Мудофаа вазири Руслан Яхшилиқовнинг стратегик ва инфратузилма объектлари муҳофазасини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маърузаси тингланди ҳамда давлат органлари фаолиятини кучайтиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланди. Мутасаддилар барқарорлик ва жамоат тартибини сақлаш, транспорт коммуникациялари хавфсизлигини таъминлаш, ҳаётий таъминот объектлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Вазият ўзгарган тақдирда, зудлик билан хабар бериш буюрилди.
Сиёсатшунос Аркадий Дубновга кўра, Россиянинг КХШТдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири томонидан бундай фавқулодда эҳтиёт чоралари кўрилиши Остона Кремлнинг кейинги ҳаракатларига нисбатан жиддий хавотирда эканидан дарак беради. Дубнов, шунингдек, 27 ноябрь куни президент Путиннинг Қозоғистонга давлат ташрифи бўлиб ўтиши ва эртаси куни Остонада КХШТ саммити ўтказилиши режалаштирилганини эслатиб ўтди.