Ривожланган мамлакатларда 200 мингдан ортиқ ўзбекистонлик фуқароларни иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда

2025 йилда 200 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини иқтисодий ривожланган мамлакатларда иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида республика Бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».

Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш режаси «Ўзбекистон – 2030» стратегияси асосида ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг қисқа ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурининг бир қисмидир. Бошқа чора-тадбирлар қаторида меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Арипов ўз маърузасида таъкидлаганидек, президент ҳукумат олдига меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни иш ҳақи юқори бўлган мамлакатларда ишга жойлаштриш вазифасини қўйган.

«2025 йилнинг ўзида Германия, Буюк Британия, Япония, Корея Республикаси, Исроил, Канада, Польша, Туркия, Саудия Арабистони, БАА ва шу каби бошқа иқтисодий ривожланган 21 давлатда 200 мингдан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш чораларини кўриш режалаштирилмоқда», — деди Бош вазир.

Аниқлик киритилишича, мамлакатда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни касбий маҳорат ва чет тилларига ўқитиш учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати мигрантлар учун меҳнат бозорларини диверсификация қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда, ватандошлар иш топиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шу тариқа, Президент Шавкат Мирзиёев январь ойида 100 минг нафарга яқин фуқарони ташкилий ишга қабул қилиш орқали хорижий давлатларда ишга жойлаштириш учун ўқитишни ташкиллаштириш бўйича топшириқ берган эди.

Кейинчалик Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия, шунингдек, Жанубий Корея, Польша, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ишлаш учун 50 минг бўш иш ўрни учун ишга қабул қилишни эълон қилди. Бу борада меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари учун энг машҳур йўналишлардан бири Россия бўлиб, у ерда Марказий Осиё республикасининг миллионга яқин фуқароси меҳнат қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ