Қозоғистонда давлат хизматчилари президент топшириқларини бажармагани учун жазоланади. Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев «Давлат хизматининг айрим масалалари тўғрисида»ги фармонга тегишли ўзгартиришлар киритди, дея хабар беради КазТАГ.
Янгиланган ҳужжатга кўра, сиёсий давлат хизматчисига «Президент топшириғини, шунингдек давлат раҳбари буйруғига асосланган Президент администрацияси раҳбарияти топшириғини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун интизомий жазо қўлланилиши мумкин». Қолган жазо сабаблари, жумладан, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, мансаб интизоми ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш, қонунларга риоя қилмаслик ва ҳоказолар ўзгаришсиз қолди.
Тўқаев фармони имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Янги қоидалар муносабати билан Ulysmedia.kz нашри президентнинг сўнгги топшириқларини эслашга қарор қилди. Куни кеча у Ички ишлар вазири Ержан Саденов билан учрашиб, унга мамлакатда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш даражасини ошириш вазифасини қўйди. Тўқаев Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқовга мамлакат мудофаа корхоналари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, ҳудудий мудофаа ва махсус операция кучларини ривожлантириш бўйича топшириқ берди. Бундан ташқари, президент 22 ноябрь куни Украина атрофидаги вазият кескинлашуви сабаб, Бош вазир, Президент Администрацияси раҳбари, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва ҳокимларга муҳим ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича шошилинч чоралар кўришга доир топшириқлар берди.