Халқаро ҳамжамият Афғонистонни бошқараётган толибларни* қизларнинг тиббий таълим олишига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирди.
Amu.TV хабарига кўра, «Толибон»* ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода хотин-қизларнинг тиббиёт ўқув юртларида ўқишини тақиқловчи фармонни имзолаган. 2 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Кобулда бўлиб ўтган йиғилишда тиббиёт институтлари раҳбарларига кўрсатмани етказган. Эртаси куни тиббиёт олийгоҳи талаба қизларининг Khaama.com сайтига билдиришича, уларнинг дарсларга киришига рухсат беришмаган ва кейинги буйруқ чиққунга қадар уйда ўтиришларини буюрган.
Қизларнинг тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежларида ўқишига тақиқ қўйилгани ҳақидаги маълумотларнинг расмий тасдиғи йўқ. Шунга қарамасдан, бу ҳақдаги хабарлар халқаро ҳамжамиятни жунбушга келтирган.
БМТ «Толибон»нинг янги директивасидан хавотир билдирди, бу аёллар ва қизларнинг таълим олиш ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларини янада чеклашини таъкидлаган. Ташкилот Афғонистондаги амалдаги ҳукуматни соғлиқни сақлаш тизими ва мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатадиган бундай қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди.
Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Афғонистоннинг айрим вилоятларида толиблар аёлларга эркак шифокорларга ёрдам юзасидан мурожаат қилишни тақиқлаганини қайд этиб, аёл шифокорларни тайёрлашни тугатувчи мазкур фармон аёлларни тибий ёрдамсиз оғриқ, азоб, касаллик ва ўлимга дучор қилишини эслатди, зеро уларни даволайдиган шифокорлар қолмайди.
Европа Иттифоқи толиблар янги тақиқини асосий инсон ҳуқуқларининг навбатдаги қўпол бузилиши ва Афғонистонда аёллар таълимига қилинган «ноҳақ ҳужум» деб атади. «Европа Иттифоқи ушбу қарор ва унинг оқибатлари, жумладан, Афғонистондаги гуманитар инқирознинг чуқурлашиши ва халқ азоб-уқубатлари ортишидан чуқур ташвиш билдиради», — дейилади ЕИ баёнотида.
Унда таъкидланишича, аёлларнинг таълим олиши ва меҳнат бозорида иштирок этиши «нафақат тенглик масаласи, балки ҳар қандай миллатнинг ўзини-ўзи таъминлаши, ривожланиши ва фаровонлиги учун зарур омилдир». Европа Иттифоқи толибларни тақиқни бекор қилишга ва халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини бажаришга, жумладан, барча афғонларнинг таълим ва асосий соғлиқни сақлаш хизматларидан тенг фойдаланишини таъминлашга чақирди.
Бу янгиликка нисбатан Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ҳам ўз муносабатини билдирди. У қизлар учун тиббиёт институтлари ёпилганидан чуқур таассуф изҳор этиб, мамлакатда аёллар ва оналар жиддий соғлиқ муаммоларига дуч келаётган бир пайтда бу қарор оғриқли эканини таъкидлади.
Карзай ўз мурожаатида таълим мамлакатнинг мустақил бўлиши, турли жабҳаларда юксалиши ва ривожланишининг асосий омили эканини таъкидлади. У толибларни миллат учун бебаҳо бойлик бўлган ёш истеъдодларни йўқотмаслик учун зудлик билан тақиқни бекор қилишга чақирди.
Карзайга кўра, Афғонистонда малакали ва билимли кадрлар бўлсагина чет эл ёрдамига қарамлик ва ички муаммолардан қутула олади. Бу эса барча ёшлар, қизлар ва ўғил болалар учун таълим олиш имконияти мавжуд бўлгандагина амалга ошиши мумкин.
ℹ️ 2021 йил август ойида ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар қизларнинг ўрта ва олий таълим олишини тақиқлаб қўйди ва аёлларнинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликларини имкон қадар чеклашга ҳаракат қила бошлади. Жумладан, аёлларга спорт билан шуғулланиш, яқин эркак ҳамроҳлигисиз боғда сайр қилиш, жамоат жойларида юриш, ҳижобсиз кўчага чиқиш, бошқа аёллар билан гаплашиш, намоз ўқиш ва Қуръони каримни овоз чиқариб ўқиш расман тақиқланган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).