Қозоғистонда ўлдирилган ўсмирнинг отаси безорилик айби билан 15 суткага ҳибсга олинди

Каржаубай Нуримов. Tengrinews.kz сайти фотосурати

Талгар шаҳрида ўлдирилган Шерзат Болатнинг отаси Каржаубай Нуримов 15 суткага ҳибсга олинди. Бу ҳақда Олмаота вилояти судига таяниб, Tengrinews.kz хабар берди.

Енбекшиқозоқ туман суди Нуримовни Қозоғистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 434-моддаси («Кичик безорилик») 1-қисми билан, яъни жамоат жойида беҳаё сўзларни айтиш ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ҳақоратомуз таъқиб қилишда айбдор деб топди. Нуримовнинг хатти-ҳаракатлари бошқаларга нисбатан ҳурматсизлик ва жамоат тартибини бузиш деб топилди.

Нуримовнинг амакиваччаси Бахит ҳам одамларни митингга чорлагани учун 15 суткага ҳибсга олинган. У Қозоғистон фуқароси бўлмагани учун суд уни мамлакатдан депортация қилишга қарор қилган. Нуримовнинг яна бир синглиси Салтанат безорилик учун 20 ойлик ҳисоб-китоб миқдори – қарийб 74 минг тенге (144 доллар) миқдорида жаримага тортилган.

Каржаубай Нуримов 10 декабрь куни ўлдирилган ўсмирнинг амакиси Нурганат Гаепбаевнинг дафн маросимида қўлга олинган. Полициянинг таъкидлашича, Нуримов ўзини тажовузкорона тутган ва бошқаларга таҳдид қилган. «Казтаг» хабарига кўра, дафн маросими вақтида у юк машинасига чиқиб олиб, журналистлар билан учрашув талаб қилган.

ℹ️ 16 ёшли Шерзат Болат 4 октябрга ўтар кечаси оиласига қарашли озиқ-овқат дўкони ёнида ўлдирилган эди. Қариндошларининг сўзларига кўра, жанжал бир банка пиво учун бошланган, харидорлардан бири пул тўлашдан бош тортган. Шерзат ва унинг амакиси ўша кечаси дўкон пештахтаси ортида турган ўсмирнинг отаси Қаржаубай Нуримовни ҳимоя қилишган. Мижоз дўстларини дўконга чақирган, улар ўсмир ва унинг амакисини калтаклашган, Шерзат пичоқ зарбасидан ҳалок бўлган.

12 октябрь, шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар Шерзат оиласининг уйига ўт қўйишган, натижада уй ёниб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган. Марҳумнинг қариндошлари ҳимояга олинган, Миллий гвардия ходимлари Талгарга патруллик қила бошлаган.

Ўсмир ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган жами 11 нафар шахс қўлга олинган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, жиноятга Ички ишлар вазирлиги томонидан инкор этиб келинган «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Шов-шувли иш ортидан бир қатор ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ишдан бўшатилди. Яқинда мазкур иш сабаб ишдан бўшатилган ИИВ бошлиғининг собиқ ўринбосари Айдос Рисбаев янги лавозимни эгаллади – у транспорт полицияси бошқармасига раҳбар этиб тайинланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?