Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси (МДБ) Уламолар кенгаши «Россия мусулмонлари жамиятида кўпхотинлилик муаммолари» фатвосини қабул қилди, деб ёзади Muslim.ru.
Фатвога кўра, мусулмон эркак тўрттагача шаръий никоҳ қилиши мумкин. Кўпхотинлиликка йўл қўйилишининг асосий шарти эрнинг барча хотинларга адолатли ва тенг муносабатда бўлишидадир. У қуйидагиларни назарда тутади:
👉 барча хотинларни моддий томондан тенг таъминлаш;
👉 ҳар бир хотин учун алоҳида уй-жой қилиб бериш;
👉 хотинлар билан келишилган тартибда уларга тенг вақт ажратиш.
Эркак юқоридаги шартларни бажаролмаса, кўпхотинли бўлиши тақиқланади. Агар хотинлардан бири тенг таъминланиш ва эътиборда бўлиш ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечса, бу мустасно ҳисобланади.
Фатвода қўшимча никоҳ ножоиз деб ҳисобланган бир қатор ҳолатлар белгилаб берилган. Буларга турмуш ўртоғининг фарзанд кўришга қодир эмаслиги, бола туғишни истамаслиги, эркакнинг ёлғиз аёл ва унинг болаларини қўллаб-қувватлаш истаги, шунингдек, эр-хотин ўртасидаги жинсий номувофиқлик киради.
Ҳужжатда, шунингдек, эркак ўзининг биринчи хотинига бошқа аёлга уйланиш ниятида экани, бўлажак хотинига эса оиласи борлиги ҳақида хабар бериши шартлиги таъкидланган.
Фатвога кўра, эркак никоҳдан сўнг туғилган болаларнинг отаси эканини расман тан олиши керак. Бундан ташқари, турмуш ўртоқлар нотариал тасдиқланган васиятнома тузишлари шарт, бу эса уларнинг ҳар бир мол-мулкининг шариат қоидаларига мувофиқ мерос бўлишини таъминлайди.
Уламолар кенгашида кўпхотинлиликка доир фатво қабул қилиниши зарурати масаланинг долзарблиги билан изоҳланди – охирги пайтларда Россияда иккинчи, учинчи ва тўртинчи хотин билан никоҳдан ўтиш кўпайган. Мусулмонлар диний бошқармаси мазкур масала бўйича кўрсатмаларга аниқлик киритиш ва мусулмонларни кўпхотинликка нисбатан масъулиятсиз муносабатда бўлишдан огоҳлантиришга қарор қилган. Таъкидланишича, замонавий Россия қонунчилиги фақат битта расмий никоҳни тан олади, шаръий никоҳда бўлган аёл ҳуқуқлари қонунан ҳимоя қилинмаган.
Шу билан бирга, ушбу фатвони ишлаб чиқишда нафақат диний уламолар, балки ҳуқуқшунослар ҳам иштирок этганлар. Фатвода имомга, янги турмуш қурганларга тавсиялар, шунингдек никоҳ шартномасининг шакли ўрин олган.
Давлат Думасининг Оилани ҳимоя қилиш, оталик, оналик ва болалик масалалари қўмитаси раиси Нина Останина «Газете.ru»га берган изоҳида кўпхотинлилик Россия Конституциясининг никоҳ ва анъанавий қадриятларга оид моддаларига зид келишини айтган.
«Конституция моддаси билан жавоб берадиган бўлсам, унга кўра, никоҳ -эркаклар ва аёллар ўртасида ёки эркак ва аёллар ўртасида эмас, балки эркак ва аёл ўртасидаги иттифоқидир. Агар кўпхотинлилик бўладиган бўлса, нега энди кўпэрлилик бўлиши керак эмас? Таклиф ўзаро бўлиши керак. Бизда, Конституцияга кўра аёллар ва эркаклар тенг. Нега энди аёллар камситилиши керак?», — дея ўртага савол ташлайди Останина.
Унинг қўшимча қилишича, кўпхотинлилик болаларни қашшоқлик ва таълимсизликка маҳкум этади.