Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши расман 27 декабрь куни бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 20 декабрь куни Бишкекда бўлиб ўтган III Халқ қурултойида сўзлаган нутқида маълум қилди.
«Ўнлаб йиллар давомида қоғозда қолиб кетган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси ниҳоят амалга оширилмоқда. Биз бу лойиҳани бошлаганимизда кўпчилик бунга ишонмади, ҳатто эртак деб масхара қилишди. Энди ҳамма бу эртак эмас, балки ҳақиқий лойиҳа эканини кўриб турибди. Расмий қурилиш ишлари 27 декабрдан бошланади», — деди Жапаров.
Президент мазкур йўл Шарқ ва Ғарб ўртасидаги стратегик кўприк бўлиб, савдо, туризм ва саноат учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
ℹ️ Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Йўлнинг узунлиги қарийб 454 км бўлиб, шундан 280 км Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Бутун линия бўйлаб 18 та станция, 81 та катта ва ўрта кўприк, 41 та туннел қуриш режалаштирилган.
Дастлаб, темир йўл қурилиши қиймати 1,34 миллиард долларга баҳоланган бўлса, 2024 йил апрелига келиб у 8 миллиард долларга ўсди.