AZAL самолётининг қора қутилари Бразилиядан Қозоғистонга келтирилди

Қозоғистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Ақтау яқинида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолётининг қора қутилари Бразилиядан Қозоғистонга келтирилди ва авиаҳалокатни текшириш комиссиясига топширилди. Бу ҳақда РИА Новостига республика Бош прокуратураси маълум қилди.

«Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги 7.12.1944 йилги Чикаго конвенцияси ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ парвоз қайд қилувчи қурилмалар Бразилия томонидан қабул қилинди ва хулоса учун комиссияга топширилди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда тезкор тадбирлар олиб борилмоқда, халқаро тергов буюртмалари Озарбайжон ва Россияга юборилди, дея қўшимча қилади маҳкама.

Embraer 190 лайнери 25 декабрь куни ҳалокатга учраганди. Самолёт Бокудан Грознийга учаётган бўлган, бироқ туман ва дрон ҳужуми туфайли Чеченистон пойтахтига қўна олмагани, шундан сўнг самолёт қўмондони Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига учишга қарор қилганига оид хабар берилганди. Самолёт аэропортдан 3 км узоқликда қулаган. Самолёт бортидаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Улар орасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари бор бўлган.

Ҳалокатдан сўнг, қушлар билан тўқнашувдан тортиб, самолётга четдан таъсир кўрсатилганига доир турли хил версиялар янгради. Декабрь ойи охирида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Москва авиаҳалокат сабаблари масаласини бости-бости қилишга уринаётганини таъкидлади. У, шунингдек, самолёт электрон уруш натижасида ишдан чиққанини ва ердан зарба берилиши натижасида (самолётнинг Грозний аэропортига қўниши вақтида Украина дронлари ҳужумини бартараф этишга уринишган) дум қисми жиддий шикастланганини маълум қилди.

Кейинроқ Озарбайжон президенти «манфаатлар тўқнашуви» сабаб ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари ўрганиб чиқилиши учун Россия таклиф қилганидек Давлатлараро авиация қўмитасига эмас, балки самолётни ишлаб чиқарган Бразилияга етказилганини айтди. Бу декабрь ойининг охирида амалга оширилди. 7 январга келиб, қора қутиларни ўрганиш ишлари якунланган. Шу билан бирга, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қора қутилар «кўп қизиқарли маълумотлар» берганини айтган, лекин айнан нима ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.

«Ҳар томонлама, тўлиқ текширувлар натижасини кутишимиз керак. Ҳозирда қора қутилардаги маълумотлари билан тасдиқланмаган далиллардан фойдаланиб, медиа маконида кескинликни кучайтиришнинг ҳожати йўқ», — дея қўшимча қилган вазир Россия дипломатияси фаолиятининг 2024 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ