CPJ Тожикистон ва Қирғизистонда журналистларга босим ўтказилаётганини қайд этди

rudaw.net сайти фотосурати

2024 йили Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумати мустақил матбуотга жиддий босим ўтказган. Айнан шу республикаларда оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан шов-шувли суд жараёнлари ва суд ҳукмлари кузатилган. Бу маълумотлар Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (Committee to Protect Journalists, CPJ) турли мамлакатлардаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятга бағишланган ҳисоботида келтирилган.

Марказий Осиё давлатлари орасида экспертлар Тожикистон ва Қирғизистонни алоҳида ажратиб кўрсатишган. Биринчи ҳолатда саккиз нафар журналистнинг қамоққа олиниши фактлари қайд этилган. Ҳисобот муаллифлари буни республика президенти Эмомали Раҳмон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашда давом этгани, жумладан, сиёсий рақиблар ва мустақил овозларни бостириш орқали боғлаган. Шу билан бирга, еттита ОАВ вакили узоқ муддатга — етти йилдан йигирма йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар кўп ҳолларда «экстремизм»да айбланган ва судлар ёпиқ эшиклар ортида ўтган. CPJ аниқлик киритишича, аксарият тожик журналистларининг фикрича, мамлакатда матбуот эркинлиги 1990 йиллардаги фуқаролар урушидан бери энг паст даражада.

Қирғизистон Қўмита ҳисоботида бир қатор инсон ҳуқуқлари бузилиши билан ҳолатларда тилга олинади. Жумладан, коррупция ҳолатларини текширишга ихтисослашган Temirov Live лойиҳаси ходимларининг суд жараёни қайд этилган. Расмийлар нашрга алоқадор ўн бир кишини суд қилган. Натижада икки киши ҳақиқий қамоқ жазосига ҳукм қилинган: Махабат Тожибек қизи ва Азамат Ишенбеков. Улар оммавий тартибсизликларга чақирганликлари учун мос равишда олти ва беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Таҳлилчилар ҳисоботда «Клооп» мустақил нашри тугатилгани ва республикада «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун қабул қилингани, CPJ маълумотларига кўра у Россияда амалдаги худди шундай меъёрий ҳужжатнинг нусхаси эканини эслатиб ўтишган.

«Этник камситишлар» бўлимида Тожикистон қайд этилганини қўшимча қиламиз. Бунда мамлакат ҳукумати томонидан Помир халқининг таъқиб қилиниши қайд этилган. Журналист Улфатхоним Мамадшоева Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида норозилик намойишларини уюштирганликда айбланиб, 20 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ўтган йили журналистлар ўз касбий фаолияти учун энг кўп қамалган мамлакатлар антирейтингини Хитой, Исроил ва Мьянма эгаллаган. Беларусь ва Россия ҳам кучли «бешлик»ка киришган. Таҳлилчилар қайд этишича, санаб ўтилган давлатлардан фақатгина Исроил рўйхатдаги «янги вакил» саналади — бу ерда ОАВнинг таъқиб қилиниши ҳукуматнинг Ғазо секторидаги вазият ҳақидаги мустақил матбуот маълумотларини чеклаш истаги билан боғлиқ.

CPJ маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январидан декабригача бўлган даврда дунёда 361 та журналист қамоққа олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ