2024 йили Ўзбекистон томонидан қабул қилинган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 14,8 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 3,4 миллиард доллар ёки 30 фоизга кўпдир.
Энг катта ҳажм июль ойида келиб тушган — 1,78 миллиард доллар, бу 2023 йилнинг шу ойидагидан учдан икки қисмга кўпдир. Кейинги ойларда трансфертлар ҳажми босқичма-босқич пасайиб, декабрь ойида 1,07 миллиард долларни ташкил этган ва бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 11 фоизга ошган.
Ўтказмаларнинг асосий қисми анъанавий тарзда Россиядан келиб тушган – 11,5 миллиард доллар ёки 77 фоиз. Иккинчи ўринда 795 миллион доллар билан Қозоғистон, учинчи ўринда эса 577 миллион доллар билан АҚШ жой олган.
Буюк Британиядан пул ўтказмалари ҳажми 83 фоизга ошиб, 135 миллион долларга етган. Жанубий Кореядан тўловлар 534 миллион долларни (+56%), Европа Иттифоқи давлатларидан эса 410 миллион долларни (+32%) ташкил этган.
Ўзбекистон Марказий банки пул ўтказмалари оқимининг кўпайишини пул ўтказмалари қабул қилувчи мамлакатларда иқтисодий ўсиш билан изоҳлайди, бу эса ишчи кучига бўлган талаб ва иш ҳақининг ошишига олиб келади. Миграция географиясида аҳоли жон бошига юқори даромадли мамлакатлар улушининг ортиши ҳам қайд этилган. Ўтказмалар ҳажмига мигрантлар учун анъанавий йўналиш бўлган мамлакатларда миллий валюта курслари динамикаси ҳам таъсир кўрсатган.
Барча ўтказмаларнинг ярмидан кўпи — 8,16 миллиард доллар анъанавий пул ўтказмалари тизимлари орқали олинган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан 14,4 фоизга кўпдир. 5,9 млрд доллари хориждан
жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалари
орқали (ўсиш 51 фоиз) ҳамда 774 млн доллари банк ўтказмаси (SWIFT)
орқали (ўсиш 2,1 баробар) амалга оширилган
Ўзбекистондан чет элга ўтказилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 19 фоизга кўпайган.