Тожикистонда ҳокимиятни босиб олишга уриниш иши бўйича айбланувчилар ўз айбларини тан олишмаган

Шокиржон Ҳакимов (чапда) ва Ҳамрохон Зарифий. «Фарғона» коллажи

Тожикистонда ҳокимиятни босиб олишга уриниш ва давлатга хиёнат иши бўйича айбланаётганлар сўнгги сўзларида ўз айбларини тан олишмаган. Бу ҳақда «Азия-плюс» ўз манбаларига таяниб хабар берди.

22 январь куни Душанбедаги тергов изоляторида «давлат тўнтариши» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган. Жумладан, Тожикистон собиқ Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий нафақага чиққанидан сўнг ўзини бутунлай илм-фанга бағишлагани ва сиёсатдан узоқлашганини таъкидлаган. У илмий мақолалар ва китобларни тақдим этган, айбловларни рад этган ва озод қилишларини сўраган.

Адвокат, Тожикистон социал-демократик партияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Шокиржон Ҳакимов ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, у бутун умрини давлат ва миллат муаммоларини ҳал этишга бағишлаган ҳақиқий ватанпарвар бўлганини таъкидлаган. Якуний сўзларни айтганларнинг барчаси суддан озод этишларини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, айбдорлар курпсисида Зарифий ва Ҳакимовдан ташқари парламент аъзоси, Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раҳбари Саиджафар Усмонзода, унинг биринчи ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода, ТИВ бўлимларидан бирининг собиқ раҳбари Абдулфайз Атоий, Тожикистон Олий Кенгашининг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров, шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ ходимлари Нурамин Ғанизода ва Жамшед Бобоевлар бўлган.

Уларнинг аксарияти Тожикистон Жиноят кодексининг 305 («Давлатга хиёнат») ва 306 («Ҳокимиятни босиб олиш») моддалари бўйича айбланмоқда. Айбланувчиларнинг айримларига Жиноят кодексининг 247 («Фирибгарлик») ва 189 («Миллий, ирқий, маҳаллий ёки диний адоватни қўзғатиш») моддалари бўйича айблов қўйилган.

Жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда ва бу ҳақдаги маълумотлар махфийлаштирилган. Биринчи суд мажлиси ўтган йил 14 ноябрь куни бўлиб ўтган. 8 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида прокурор ушбу иш бўйича айбланувчиларга 20 йилдан 30 йилгача озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ