Мамлакат олимпия терма жамоасининг собиқ устози, маҳаллий мутахассис Тимур Кападзе футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий этиб тайинланди.
Кападзе янги лавозимида словениялик мутахассис Среcко Катанец ўрнини эгаллади. Маълумки Катаец бу лавозимда уч йилдан ортиқ ишлаб, Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг муваффақиятли мураббийга айланганди.
Кападзе олдида биринчи марта терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифаси турибди. Катанец бунга яхши замин яратди – олти турдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини кафолатловчи учинчи саралаш босқичи А гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Саралаш босқичи якунланишига тўртта ўйин қолди.
Эслатиб ўтамиз, Кападзе 2018 йилдаёқ терма жамоага бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида устозлик қилганди. Унинг қўл остида Ўзбекистон терма жамоаси тўртта ўртоқлик ўйини ўтказган, шундан учтасида жаҳон чемпионати иштирокчиларига қарши баҳсда мағлуб бўлганди. Кападзе мамлакат олимпия терма жамоаси билан ҳам муваффақиятли ишлаган — 2024 йили у жамоани биринчи марта Олимпиадага олиб чиқди.
Тимур Кападзе Ўзбекистондаги энг машҳур футболчилардан бири. У «Нефтчи», «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» клубларида тўп сурган – барча жамоалар билан мамлакат чемпиони бўлган. Чет элда у чемпион саналмиш «Актобе» ҳамда «Шаржа» (БАА) ва Жанубий Кореянинг «Инчхон» клубларида тўп сурган. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 119 та ўйин ўтказиб, 10 та гол урган. Кападзе мураббий сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси, олимпия терма жамоаси, шунингдек, Тошкентнинг «Локомотив» ва «Олимпик» клубларида ишлаган.