Turkish Aerospace Industries (TAI) Ўзбекистон билан ANKA SİHA учувчисиз учиш аппаратларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Туркиянинг мудофаа саноати ва ҳарбий авиациясига оид янгиликларни ёритишга ихтисослашган SavunmaSanayiST.com портали хабар берди.
Ўзбекистон қанча ANKA SİHA дронларини олиши ва уларнинг нархи қанча бўлиши айтилмаган. Яқин кунларда етказиб бериш бошланиши режалаштирилган.
ANKA SIHA — Türk Havacılık ve Uzay Sanayii (TUSAŞ) томонидан Турк Қуролли Кучлари учун ишлаб чиқарилган бир двигателли учувчисиз учиш аппаратидир. Ҳавода 30 соатгача туриши мумкин ва 350 кг юк кўтариш қобилиятига эга. ANKAнинг икки двигателли версияси ҳам мавжуд — AKSUNGUR, унинг юк кўтариш қобилияти 750 кг ва у ҳавода 50 соатгача учиши мумкин. Иккала дрон ҳам турбодизел авиация двигателлари ёрдамида ишлайди.
ANKA SİHA олтита давлатга — Қозоғистон, Тунис, Жазоир, Индонезия, Малайзия ва Чадга экспорт қилинади.
ANKA дронининг экспорт нархи 25 миллион доллардан ошади, масалан, 2020 йили Тунис Мудофаа вазирлиги 80 миллион долларга учта ANKA учувчисиз учоғи учун шартнома имзолаган. 2023 йили Индонезия 300 миллион долларга 12 та ANKA етказиб берилиши учун шартнома имзолаган. Бу келишувлар нафақат дронларни, балки уларни ишлатиш учун ҳарбий тайёргарлик, ўқ-дорилар тўпламлари ва бошқарув пунктларини ҳам ўз ичига олади.