Ислом цивилизацияси марказида ўтмишнинг кўзга кўринган аёлларига бағишланган бўлим ташкил этилади. Бу ҳақда 29 январ куни ИЦМга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати хабар берди.
Мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган.
«Бу экспозиция бугунги қизлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Шавкат Мирзиёев ислом цивилизацияси илм-фан, маданият ва таълимга асосланганига алоҳида эътибор қаратди.
«Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди», – деди президент.
2018 йилдан буён Тошкентда ИЦМ мажмуаси барпо этилмоқда. Бағоят улуғвор марказ биноси уч қаватни ташкил этиб, қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг юраги Қуръон зали бўлиб, у ерда қадимий Усмон Мусҳафи ва турли тарихий даврларда яратилган муқаддас китобнинг нусхалари жойлаштирилади.
Президент марказ нафақат тарих ёдгорлиги, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи интеллектуал маконга айланиши кераклигини таъкидлади. У буюк аждодлар меросини фаол ўрганиш, уларнинг ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси муҳимлигини таъкидлади.
Мажмуада «Исломдан аввалги цивилизациялар», «Биринчи Ренессанс даври», «Иккинчи Ренессанс даври», «Ўзбекистон XX асрда», «Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс» каби бўлимлар ташкил этилади. Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа буюк олим ва мутафаккирлар фаолияти диққат марказида бўлади.