Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 киши турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
12 февраль куни мамлакат Ҳарбий суди уч айбланувчи — Шуҳрат Расулов, Шохруҳ Аҳмедов ва Исмоил Жаҳонгировни 23 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Жавлон Юнусов 18 ярим йилга, Дониёр Ташходжаев 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қолган беш кишининг исм-шарифлари ошкор этилмаган, Олий суд матбуот хизмати уларга «қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинлангани»ни маълум қилган.
Судланганлар ҳақида кам нарса маълум. Nova24-LIVE тушунтиришича, Шуҳрат Расулов 2020 йилгача Ўзбекистон Президенти Давлат хавфсизлик хизматининг ички хавфсизлик бошқармасини бошқарган. Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Дониёр Ташходжаев — Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари.
ℹ️ Комил Алламжоновга суиқасд 26 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 01:40 (Москва вақти билан 23:40) да Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Ифор кўчасида уюштирилган. Икки номаълум шахс йўлда кетаётган Range Rover автомобилига бир неча марта ўқ узган, шундан сўнг номаълум томонга қочиб кетган. Жабрланганлар бўлмаган.
Кейинроқ Бош прокуратура суиқасд иши бўйича тўрт киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97 («Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш») ҳамда 248 («Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
ℹ️ Комил Алламжонов 2017 йил декабридан 2018 йил октабрига қадар Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби лавозимида ишлаб келган. Шундан сўнг у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) га Бош директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Алламжоновнинг ўринбосари Ўзбекистоннинг амалдаги президенти қизи Саида Мирзиёева бўлган.
2020 йил январь ойида Алламжонов ва Мирзиёева АОКАдан кетишини эълон қилиб, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондини ташкил этишган. Алламжонов фонднинг Васийлик кенгашини бошқарган, Мирзиёева эса унинг ўринбосари лавозимини эгаллаган.
2022 йил ёзида Алламжонов президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари вазифасига қайтган ва жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати масалалари билан шуғулланган. 2023 йил август ойида президент администрациясининг ахборот сиёсати бўлимига раҳбарлик қилган, 2024 йил 30 сентябрда ушбу лавозимдан озод этилган, шундан сўнг у хусусий секторда ишлаш нияти борлигини маълум қилган.