17 февраль куни Каспий қувурлари консорциумига қарашли «Кропоткинская» нефть жўнатиш станцияси (НЖС) дронлар ҳужумига учраган ва ишдан чиқарилган.
Ҳужум портловчи моддалардан ташқари металл парчалари билан қуролланган еттита дрон томонидан амалга оширилган. «Ҳужум вақт оралиғида амалга оширилган бўлиб, мақсад нафақат объект ишини издан чиқариш, балки станция ходимларидан қўпроғини қурбон қилишга қаратилган бўлган», — дейилади пресс-релизда.
НЖС ходимлари орасида қурбонлар бўлмаган, нефть тўкилиши хавфининг олди олинган.
КҚК бош директори Николай Горбан бошчилигидаги бошқарув гуруҳи зарарни баҳолаш учун воқеа жойига етиб келган. Ҳозирда «Кропоткинская» станцияси ишламаяпти. Тенгиз-Новороссийск қувурлари тизими орқали нефтни жўнатиш НЖСни четлаб ўтган ҳолда паст босим режимида амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Қозоғистон Энергетика вазирлиги «Қозоғистон нефтига КҚК томонидан ҳеч қандай чекловлар йўқлиги, қабул қилиш одатий режимда олиб борилаётганини», хабар қилади.
Кубаннинг Кавказ туманида жойлашган «Кропоткинская» нефть жўнатиш станцияси КҚКнинг РФ ҳудудидаги энг йирик иншооти ҳисобланади. Каспий қувур консорциуми — ғарбий Қозоғистондан нефтни (биринчи навбатда Тенгиз, Карачаганак ва Қашаган конларидан) Қора денгиздаги Новороссийск порти яқинидаги терминалларга етказиб бериш учун қурилган йирик халқаро нефть қувурлари тизимидир. Ҳозирда бу Қозоғистон нефтининг асосий экспорт йўналиши ҳисобланади.