Тожикистон Транспорт вазирлиги ва Хитойнинг Zhejiang Communications Construction Group Co Ltd компанияси ўртасида нафақат Тожикистон, балки Марказий Осиёда энг узун автомобиль кўприги қурилиши бўйича шартнома имзоланди. Объект тўрт йил ичида фойдаланишга топширилиши керак, дея аниқлик киритади Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Кўприк қурилиши «Обигарм-Нуробод» автомобиль йўли қурилиши лойиҳасининг учинчи босқичи доирасида режалаштирилган. Объект Нуробод тумани ҳудудида пайдо бўлиб, Сурхоб дарёсининг икки қирғоғини боғлайди. Қайд этилишича, кўприк Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг фармойиш ва кўрсатмалари асосида, республикани коммуникациялар боши берк кўчадан чиқариш ва транзит мамлакатга айлантириш стратегиясининг бир қисми сифатида қурилмоқда.
Кўприкнинг узунлиги 920 метрни ташкил қилади, бироқ кириш йўллари ҳисобга олинса, объект узунлиги 1500 метрга боради – бу Марказий Осиё учун рекорд. Ҳозирча Қозоғистон шарқида жойлашган ва ўтган йил октябрь ойида очилган Бухарминский кўприги 1316 метр натижа билан етакчилик қилмоқда.
Тожикистон лойиҳаси ҳақида шу нарса маълумки, иш бошланишидан олдин техник-иқтисодий асослаш ва тадқиқотлар нафақат ишлаб чиқувчи вакиллари ва маҳаллий муҳандислар, балки Жанубий Кореядан келган мутахассислар томонидан ҳам амалга оширилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 427,5 миллион юанни (тахминан 60 миллион доллар) ташкил этади.
Тожикистон Транспорт вазири Азим Иброҳим кўприк қурилиши республика иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлиб, уни сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш кераклигини таъкидлади. Расмийнинг сўзларига кўра, хитойлик пудратчи ишни тўрт йил ичида якунлашни режалаштирган, бироқ замонавий йўл қурилиш стандартлари ва тажрибали хорижлик мутахассислар иштирокини ҳисобга олган ҳолда, объект муддатидан аввал фойдаланишга топширилиши мумкин.
ℹ️ Zhejiang Communications Construction Group Co Ltd — Хитой давлат корпорацияси бўлиб, портлар, магистраллар, метролар, аэропортлар ва бошқа транспорт инфратузилмаларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Компания 139 мамлакатда фаолият юритади ва унинг портфелидан дунёдаги энг узун 36 километрли Ханчжоу Бэй трансокеан кўприги, шунингдек Бельгиянинг Антверпен портидаги сайёрадаги энг катта шлюзали дарвозалар каби йирик лойиҳалар ўрин олган.