2024 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40,2 миллиард долларга яқин бўлди, бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 35 фоизини ташкил қилади. Бундай маълумотлар Республика Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳисоботларида келтирилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, ташқи қарз 33,7 миллиард долларни, ички қарз эса қарийб 6,5 долларни ташкил этади.
Бундан ташқари, ташқи қарзнинг асосий қисми хорижий валютада ифодаланган. Унинг деярли барчаси узоқ муддатли кредитлардир, Ўзбекистон бир йил ичида атиги 96 миллион долларни тўлаши керак.
Молия вазирлиги ҳисоботида, шунингдек, давлат қарзининг қарийб 18 миллиард доллари қатъий фоизли заёмлар ва кредитлар экани, 15,6 миллиард доллари ўзгарувчан фоизли ва атиги 138 миллион доллари фоизсиз экани кўрсатилган.
2023 йил охирида республиканинг давлат қарзи 34,9 долларни ташкил қилган. Бинобарин, йил давомида бу кўрсаткич 5 миллиард доллардан ортиқ ўсган.
Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Телеграм-каналида Молия вазирлигининг статистик маълумотларини шарҳлар экан, Ўзбекистоннинг қарзларга қарам бўлаётганини салбий омил дея таъкидлайди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, муаммо давлат қарзининг ҳажми ёки ҳатто унга хизмат кўрсатиш харажатларида эмас, балки қарзга олинган маблағлар қаерга йўналтирилаётгани ва сармоядан қандай фойда олинаётганидадир.
Мавжуд вазиятнинг асосий сабаби давлат бюрократиясининг мамлакат иқтисодиёти устидан кенгайиб бораётган ваколатидир, бу эса бозор иқтисодиётидан йироқ, зеро асосий қарорлар хусусий субъектлар томонидан эмас, балки мансабдор шахслар томонидан қабул қилинади. Иқтисодчи, шунингдек, давлат харажатларининг ўсишини тилга олади, унинг сўзларига кўра, бу ЯИМнинг 40 фоизидан ошади, бу эса «камбағал иқтисодиёт учун мутлақо ақлбовар қилмас рақамдир».
«Ва бундан ҳам қўрқинчлиси шундаки, амалдорлар бир тўхтамга келиб, давлат харажатлари ва давлат аппаратини қисқартириш ёки иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солиш усулларини тубдан ўзгартириш устидан бош қотираётгани кўзга кўринмаяпти. Бу эса — фалокатдир», — дея хулоса қилади Юсупов.