АҚШ ҳукумати Тожикистон фуқаросини ИШИДни молиялашда гумон қилиб ҳибсга олди

Мансур Манучеҳри. justice.gov сайти фотосурати

Тожикистон фуқароси Мансур Манучеҳри Нью-Йоркда ИШИДга* моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида тил бириктирганликда, шунингдек, ўқотар қуролларни ноқонуний сақлашда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги сайтида хабар берилди.

Манучеҳри Нью-Йоркнинг Шарқий округи судига келтирилган.

Тергов маълумотларига кўра, Манучеҳри 2016 йил июнь ойида Тожикистондан АҚШга олти ойлик сайёҳлик визаси билан келган ва муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда қолган. 2017 йил март ойида Манучеҳри қонуний мақомга эга бўлиш учун АҚШ фуқаросига сохта никоҳ учун пул тўлаган. Бироқ, ундан сўралган тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмагани боис, унинг илтимоси қаноатлантирилмаган.

Манучеҳри 2021 йил декабридан 2023 йил апрелига қадар Бруклинда яшаб, Туркия ва Суриядаги ИШИДга алоқадор шахсларга, жумладан, 2024 йил январида Истанбул черковидаги портлашга алоқадорликда гумон қилиниб, кейинчалик Туркия ҳукумати томонидан ҳибсга олинган шахсга 50 минг доллардан ортиқ маблағ ўтказган. Манучеҳри ИШИДни қўллаб-қувватлаган, АҚШда содир бўлган террор ҳужумларини олқишлаган, зўравонлик ва шаҳидликка чорловчи жиҳодий тарғибот видеоларини тўплаган.

Манучеҳри, шунингдек, ўқотар қуролга эга бўлган ва АҚШда ноқонуний мусофир сифатида бориши тақиқланганига қарамай, отишма полигонларига ташриф буюрган. 2022 йил февраль ойида Манучеҳри Нью-Жерсидаги полигонда автоматдан ўқ узаётгани акс этган видеони ёзиб олган ва видеони Туркиядаги ИШИД аъзосига «Аллоҳга шукр, мен тайёрман, биродар», дея юборган.

Манучеҳри иши ФҚБ директори Каш Пател ва АҚШ бош прокурори Пэм Бонди назоратида.

Агар Манучеҳри айбдор деб топилса, унга максимал 45 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ