Бир йил ичида 500 000 дан ортиқ афғон «иқлим» муҳожирига айланди

un.org сайти фотосурати

Сўнгги 12 ой ичида 500 мингдан ортиқ афғон тошқин, қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар туфайли доимий яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлди. БМТ ҳузуридаги Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) экспертларининг Афғонистондаги вазиятга бағишланган ҳисоботига кўра, ҳисобот даврида жами 9 миллионга яқин одам иқлим хавф-хатарларидан азият чеккан.

Қайд этилишича, ХМТ вакиллари иқлим ўзгаришининг маҳаллий аҳолига таъсирини тасдиқловчи кенг кўламли далиллар базасини тўплаб, мамлакатнинг барча ҳудудларидаги вазиятни батафсил ўрганган. Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги уч йил ичида сел ва қурғоқчилик каби фалокатлар қуролли тўқнавуларни тортда қолдирган ҳолда афғонларнинг бошқа ерларга кўчиб ўтишига сабаб бўлган ва шусиз ҳам оғир бўлган гуманитар инқирозни янада кучайтирган.

Ҳисоботга кўра, 2021 йилдан 2024 йилгача 3 миллионга яқин одам одатдаги яшаш жойини ўзгартирган. Бундан ташқари, биргина ўтган йилнинг ўзида 988 минг фуқаро табиий офатлар туфайли вақтинча – бир ойга яқин бошқа ҳудудга кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

Йил давомида 400 мингга яқин уй-жой шикастлангани ёки вайрон бўлгани қайд этилган. Табиий офатлар 14 мингга яқин афғоннинг ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган.

ХМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 11 миллиондан ортиқ одам келажакда иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳодисалар таъсирига дучор бўлади. Энг заиф ҳудудлар Ғор, Хост ва Жузжон вилоятларидаги аҳоли пунктларидир.

Бунинг оқибатлари иқтисодиётда ўз аксини топади, чунки мамлакат аҳолисининг 70% дан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Агар улар ўз ерларини ташлаб кетса, бегона юртда қандай қилиб пул топиб, оиласини боқади, деган савол туғилади.

Халқаро тадқиқотчилар Афғонистондаги кичик аҳоли пунктларининг 92 фоизи шошилинч тиббий ёрдам хизматларидан, 46 фоизи эса соғлиқни сақлаш муассасаларидан фойдаланиш имконияти чекланганлигидан хавотирда. Бундан ташқари, аксарият қишлоқларда табиий офатлардан эрта огоҳлантириш тизимларини ўрнатиш ва қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш учун ресурслар йўқ.

«Глобал углерод чиқиндилари учун минимал қийматларга эга бўлишига қарамай, Афғонистон иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўрган ўнта давлат қаторига киради», — деди ХМТнинг мамлакатдаги миссияси раҳбари Михён Пак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ