Тожикистонда транспорт солиқлари ставкалари оширилади

asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистонда жорий йилнинг 12 мартидан транспорт солиқлари ставкаларини оширувчи қонун кучга киради. Ўртача ҳисобда бу кўрсаткич 59 фоизга ошади, деб хабар беради «Азия-Плюс».

Нашрнинг қайд этишича, янги қонун мотоцикллар, скутерлар ва сув транспортига таъсир қилмайди. Шу билан бирга, бир от кучи ҳисобида амалга ошириладиган тизим сақланади. Бу солиқ, аввалгидек, йилига бир марта тўланади.

Автомобиль эгалари учун солиқ юки двигател кучига боғлиқ бўлади. Шундай қилиб, моторли автомобиллар учун:

👉 250 от кучигача солиқ 5,63 (0,5 доллар) дан 9 сомонига (0,8 доллар) ошади;

👉 250 дан 300 от кучигача — 7,5 (0,7 доллар) дан 11,25 сомонигача (1 доллар);

👉 300 дан 350 от кучигача — 9 (0,8 доллар) дан 11,25 сомонигача (1 доллар);

👉 350 от кучидан ва ундан юқори — 11,25 (1 доллар) дан 15 сомонигача (1,4 доллар).

Ҳар қандай сиғимдаги автобуслар ва 40 тоннагача юк кўтара оладиган юк машиналари учун тўлов бир от кучи учун 11,25 сомонини (1 доллар) ташкил қилади. Оғир юк машиналари ва фургонлар эгалари бир от кучи учун 15 сомони (1,4 доллар) тўлашга мажбур бўлади.

Трактор ва локомотивлар учун солиқлар икки баробарга ошиб, мос равишда 3 (0,27 доллар) ва 1,5 сомонини (0,13 доллар) ташкил қилади.

Қайд этилишича, бу жорий йили транспорт солиқларининг иккинчи марта оширилишидир. 1 январдан бу борада солиқ 4,2 фоизга ошган.

«Азия-Плюс» эслатишича, Тожикистон Солиқ кодексига мувофиқ қуйидаги транспортлар солиқ тўловидан озод қилинган:

✅ Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган тракторлар, ғалла йиғиш машиналари, пахта териш комбайнлари ва махсус комбайнлар;

✅ жамоат транспорти корхоналари томонидан йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган автобус ва троллейбуслар;

✅ ихтисослаштирилган тиббий транспорт воситалари;

✅ рўйхатга олинган махсус ҳарбий транспорт воситалари ва махсус ҳарбий техника;

✅ I ёки II гуруҳ ногиронига тегишли битта енгил автомашина;

✅ саноат темир йўл транспорти (локомотивлардан ташқари);

✅ Тожикистон футбол соҳаси субъектларининг транспорт воситалари;

✅ Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Тожикистон Қаҳрамони, «Ситораи Президенти Точикистон», «Зарринточ», «Исмоили Сомони» орденлари соҳиби, шунингдек, Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, унга тенглаштирилган шахслар, СССР ни ҳимоя қилиш бўйича бошқа ҳарбий ҳаракатлар қатнашчиси, байналминал жангчи, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган фуқаронинг шахсий мулки бўлган битта енгил автомобиль.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ