Европанинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Марказий Осиё республикаларига ташриф буюради

Йозеф Сикела. asiaplustj.info айти фотосурати

Европанинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела 12-18 март кунлари Марказий Осиёнинг бешта постсовет республикасига ташриф буюради. Ташрифдан кўзланган мақсад янги иш ўринлари яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишга қаратилган Global Gateway инвестиция стратегияси кўламини кенгайтиришдан иборат, дейилади Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси сайтида.

Европа комиссари минтақа бўйлаб сафарини Туркманистондан бошлайди, у ерда мамлакат ҳукумати аъзолари, шунингдек, хусусий бизнес вакиллари билан учрашади. Сикела, шунингдек, Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш учун стратегик нуқта бўлган Туркманбоши портига ҳам боришни режалаштирган.

Кейин сиёсатчи Қозоғистонга боради. Бу ерда у транспорт ва муҳим хомашё соҳасида икки томонлама ва минтақавий келишувларни имзолаш маросимида иштирок этади. Европа Иттифоқи вакили тадбиркорлар билан ҳам мулоқот қилади.

Тожикистонда Комиссар республиканинг «яшил» энергетикага ўтишига, шунингдек, маҳаллий пахта қиймати занжирига таъсир кўрсатувчи бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларни имзолайди. Бундан ташқари, Сикела Роғун ГЭСини бориб кўради.

Сиёсатчи Қирғизистон расмийлари билан сув таъминоти, энергетика, транспорт ва инсон тараққиёти соҳаларида қўшма ташаббусларни муҳокама қилади. Мамлакатнинг молия институтлари: Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан инвестициявий ҳамкорлиги бўйича мулоқот бўлиб ўтади. Мавзулардан бири Қамбарота-1 ГЭСи қурилишини дастаклаш бўлиши кутилмоқда.

Европа комиссарининг минтақавий сафари Ўзбекистонда якунланади. Мазкур сафар доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф, маҳаллий ва европалик ишбилармонлар билан учрашув, рақамли коммуникациялар соҳасидаги лойиҳаларни имзолаш кўзда тутилган.

«Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим ҳамкор ва бизнинг ҳамкорлигимиз келажакда катта имкониятлар яратади. Ҳозирги глобал муаммолар ҳар қачонгидан ҳам кучли ҳамкорликка эҳтиёж борлигини урғуламоқда ва мен ўз миссиям давомида буни кучайтиришни мақсад қилганман», — деди Сикела.

ℹ️ Global Gateway — Европа Иттифоқининг глобал сармоявий тенгсизликларни камайтириш ва рақамли, энергетика ва транспорт соҳаларида интелектуал, тоза ва хавфсиз алоқаларни кучайтириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим ва тадқиқот тизимларини мустаҳкамлаш стратегиясидир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ