Россия ва Тожикистон Мудофаа вазирликлари даражасида Стратегик ҳамкорлик дастурини имзолади

tajinfo.ru сайти фотосурати

Россия ва Тожикистон икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ҳамда уни 2028 йилгача амалга ошириш Режасини имзолади. Президентлар Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон Марказий Осиё республикаси раҳбарининг Москвага расмий ташрифи чоғида бу борадаги ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар, деб хабар беради Тожикистон раҳбари матбуот хизмати.

Путин матбуотга берган баёнотида Раҳмон билан музокаралар чоғида Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалалари, хусусан, Афғонистон ҳудудидан келаётган таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинганини маълум қилди. Россия президентининг таъкидлашича, унинг мамлакати минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашга, жумладан, Тожикистонда жойлашган 201-Россия ҳарбий базаси имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.

Сиёсатчи 2023 йили республиканинг тоғли ҳудудида чегара пости очилганини ҳам эслатиб ўтди. Бу иншоот Россия бюджети ҳисобидан қурилган бўлиб, энг замонавий техник воситалар ва қуроллар билан жиҳозланган.

«Бугун биз ушбу йўналишда ишлашни давом эттиришга келишиб олдик», — дея хулоса қилди Путин.

Президентнинг қўшимча қилишича, томонлар мудофаа, ҳарбий-техникавий, терроризмга қарши ва гиёҳвандликка қарши ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳам келишиб олган.

Эмомали Раҳмон ҳам Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик мавзусига тўхталди. Унинг қайд этишича, Россия ва Тожикистон махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган ва бу ўтган йили аниқ натижаларни берган. Тўғри, сиёсатчи ўз фикрларини бу йўналишда ривожлантирмади, фақат томонларнинг бу борадаги ўзаро ҳамкорлиги терроризм, экстремизм, радикализмнинг кўринишлари, трансчегаравий уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдоси каби кенг кўламли масалаларни қамраб олганини айтди.

Матбуот анжуманидаги нутқи якунида Тожикистон раҳбари Путин билан ўтказган музокаралар натижаларидан қониқиш ҳосил қилганини алоҳида таъкидлади.

«Тожикистон бундан кейин ҳам Тожикистон-Россия иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларининг улкан салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга интилади», — дея хулоса қилди Раҳмон.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ