Россия ва Тожикистон Мудофаа вазирликлари даражасида Стратегик ҳамкорлик дастурини имзолади

iz.ru сайти фотосурати

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Афғонистонда қўллаб-қувватлаётган соғлиқни сақлаш муассасаларининг 80 фоизи маблағ етишмаслиги сабабли тез орада ёпилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда ЖССТ ҳисоботига таяниб Ariananews нашри хабар берди.

Мутахассисларнинг аниқлик киритишича, жорий йилнинг 4 март ҳолатига кўра, Афғонистоннинг 25 вилоятида 167 та касалхона ва поликлиника ўз фаолиятини тўхтатган, натижада Афғонистоннинг 25 вилоятида 1,6 миллионга яқин одам муҳим тиббий ёрдамдан маҳрум бўлган. Бундан ташқари, гап асосан аҳолининг заиф қатламлари: аёллар, болалар ва қариялар ҳақида бормоқда.

ЖССТ прогнозларига кўра, агар молиялаштириш муаммолари ҳал этилмаса, июнгача яна 220 та муассаса ёпилади. Бу 1,8 миллион фуқаронинг бирламчи тиббий ёрдамдан маҳрум бўлишига олиб келади. Мамлакатнинг шимолий, ғарбий ва шимоли-шарқида аҳвол оғир, бу ерда соғлиқни сақлаш хизматларининг 30 фоиздан ортиғи ўз фаолиятини тўхтатган, бу ҳолат тез яқинлашиб келаётган гуманитар инқироздан далолат беради.

«Бу ёпилишлар ҳисоботдаги шунчаки рақамлар эмас, улар хавфсиз туға олмайдиган оналар, ҳаётини сақлаб қоладиган эмлашлардан маҳрум бўлган болалар ва ҳалокатли касалликлар авж олишидан ҳимояланмаган бутун жамоалардир», — дейди ЖССТнинг Афғонистондаги миссия раҳбари, доктор Эдвин Сениза Сальвадор.

Ташкилотнинг қўшимча қилишича, Афғонистонда қизамиқ, безгак, Денга иситмаси ва полиомиелит каби касалликларнинг авж олиши қайд этилган. Жумладан, жорий йилнинг январь-февраль ойларида мутахассислар томонидан 16 мингдан ортиқ қизамиқ касаллигига шубҳа қилинган одамлар қайд этилган, улардан 111 таси ҳаётдан кўз юмган. Эмлашнинг жуда паст кўрсаткичлари сабаб болалар жиддий ўлим хавфи остида қолган. Тиббий хизматларсиз бундай касалликларга қарши кураш жуда қийин кечади.

Айрим донорлар Афғонистон соғлиқни сақлаш тизимига ёрдам беришда давом этаётган бўлсаларда, молиялаштириш оқими камайган. Ўсиб бораётган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатда миллионлаб одамларга тиббий хизмат кўрсатадиган муассасаларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ етишмаслиги аниқ, дея хулоса қилади ЖССТ.

Amu.tv хабарига кўра, Save the Children ташкилоти тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган афғонларни қўллаб-қувватлаш дастурларини 30 кунга тўхтатиб қўйишини маълум қилди. Бунга хорижий молиявий ёрдамнинг кескин қисқариши сабаб бўлган. Бундан ташқари, 32 та тиббий марказдан 18 таси ўз фаолиятини тўхтатган, қолган муассасалар эса бир ой ичида ёпилиши мумкин. Ташкилотнинг қўшимча қилишича, биргина 2025 йил январь ойида дастурда иштирок этувчи барча клиникалар 134 мингдан ортиқ болани даволаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Афғонистоннинг Ғазна вилоятидаги ўнлаб тиббиёт муассасалари АҚШ президенти Дональд Трампнинг тегишли лойиҳаларга ёрдам кўрсатишни музлатиб қўйгани сабабли ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз ўтган йил охирида аёлларга тиббий таълим олишни тақиқлаган «Толибон»* ҳаракати томонидан янада кескинлашган. Кейинчалик маълум бўлишича, натижада камида 35 минг талаба қиз университетларга кириш имкониятидан маҳрум бўлган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ