Толиблар Афғонистондаги ягона аёллар радиостанциясининг иш бошлашига рухсат берди

ARIANANEWS.AF САЙТИНИНГ АФҒОНИСТОНДА МИЛЛИЙ ЖУРНАЛИСТЛАР КУНИГА ОИД ЯНГИЛИГИ ИЛЛЮСТРАЦИЯСИ

Афғонистондаги ягона аёллар радиоси — Radio Begum ҳукумат чекловларига амал қилиш шарти билан ўз эшиттиришларини қайтадан бошлаши мумкин. Бу ҳақда Афғонистон Журналистлар Марказига (AFJC) таяниб, Amu.tv хабар берди.

Radio Begum билан бир офисда ишлаган яна бир радиостанция — Jawanan ҳам худди шундай рухсат олган. У толиблар* аёллар радиостанция фаолиятини тўхтатиб, унинг бир неча ходимларини ҳибсга олган куннинг ўзидаёқ эфирни тўхтатган эди. Иккала радиостанциянинг икки журналисти ҳибсда қолмоқда. AFJC толибларни уларни шартсиз озод қилишга чақирди.

Радиостанциялар фаолияти 4 февраль куни тўхтатилган эди. Толибларнинг Ахборот ва маданият вазирлиги бунга ОАВ қонунларининг бузилиши ва хорижий телевизион тармоқ билан ҳамкорлик сабаб бўлганини маълум қилганди.

👉 17 март Афғонистонда Миллий журналистлар куни сифатида нишонланди. Ахборот вазирлиги журналистларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун вазирликка мурожаат қилишлари мумкинлигига ишонтирди. Шу билан бирга, ОАВ ходимларини «ўз зиммасига юкланган муқаддас миссияни инобатга олган ҳолда ўз ишини сидқидилдан бажаришга, ислом тузуми ютуқларини ёритиш ва халққа етказишда исломий қадриятлар, миллий манфаатлар, журналистика тамойиллари ва асл афғон маданиятини ҳисобга олиш»га чорлади.

Шу билан бирга, AFJC ҳисоботни Журналистлар кунига тўғрилаб чоп этди, унда Афғонистонда оммавий ахборот воситалари жиддий репрессияларга учраётгани, сўз эркинлиги ҳуқуқи бузилиши сони ўтган йил давомида 24 фоизга ошгани қайд этилган.

Ҳисоботда матбуот эркинлигининг бузилишига оид 172 та ҳолат, жумладан, 50 журналистнинг ҳибсга олиниши ва толиблар ҳукумати томонидан киритилган чекловлар туфайли 22 та оммавий ахборот воситаларининг ёпилиши ҳужжатлаштирилган.

Асосий чекловлар:

▶️ Сиёсий ва иқтисодий мунозараларни жонли эфирга узатмаслик;

▶️ Толиблар қонунлари ва сиёсатини танқид қилувчи дастурларни нашр қилмаслик ёки эфирга узатмаслик;

▶️ меҳмонларни фақат толиблар томонидан маъқуллангандан кейингина суҳбатга таклиф қилиш;

▶️ «Толибон»* ҳаракатининг ҳалок бўлган аъзоларини албатта шаҳид деб аташ;

▶️ Афғонистоннинг камида олти вилоятида жорий этилган тирик мавжудотлар тасвирини тақиқлаш қоидаларига риоя қилиш.

2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган толиблар мазкур чекловлар жорий этилишидан аввал матбуот эркинлигини чекловчи 17 та фармон чиқарган эди. Ҳисоботда айтилишича, янги ҳокимият томонидан ўрнатилган қоидаларга эътибор бермаган журналистлар ва оммавий ахборот воситалари таҳдидлар, ҳибсга олишлар ёки ишдан бўшатишларга дучор бўлган.

✅ AFJC маълумотларига кўра, айни пайтда Афғонистонда 470 та оммавий ахборот воситалари, жумладан, 84 та телеканал, 273 та радиостанция, 57 та ахборот агентлиги ва 52 та босма нашрлар фаолият юритмоқда. Мазкур ОАВда 745 нафар аёл журналист ишламоқда, ўтган йили бу кўрсаткич 601 нафарни ташкил этган. Толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг аёлларга нисбатан камситишлар кучайгани ҳисобга олинса, бу эътиборга молик факт. Бироқ, аёл журналистларнинг айтишича, улар ахборот олиш имкони йўқлиги, даромадлар камайиши ва расмийларнинг аёллар билан изоҳ ёки интервью беришни истамаслигига доир жиддий муаммоларга дуч келишмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ