Қозоғистон USAID фаолиятини «батафсил таҳлил» қилади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигида USAID (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги) томонидан молиялаштирилган лойиҳаларнинг «белгиланган мақсадларнинг амалдаги натижаларга мувофиқлиги»ни ўрганадиган ишчи гуруҳ тузилди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Серик Жумангарин депутатлар сўровига жавобан маълум қилди.

Мамлакатнинг ҳукмрон партияси АМАNАТ аъзолари Бош вазир ўринбосарига сўров юборишган. Мулозим уларга ташкилот фаолиятини «батафсил таҳлил қилиш»га ваъда берган. «Жумладан, USAID нинг мамлакатга оид стратегиялари, USAID мақсадларига таъсирини баҳолаш учун USAIDнинг бошқа ташкилотлар, жумладан, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан муносабатлари ўрганилади. Бундан ташқари, маблағлардан фойдаланишдаги номувофиқликлар ва манфаатлар тўқнашувини аниқлаш учун молиявий оқимларни таҳлил қилиш зарур бўлдаи», — дея таъкидлади у.

Депутатларнинг вояга етмаганларни «ёт мафкура»дан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифига жавобан Жумангарин Адлия вазирлиги тегишли масалани «ишлаб чиқиш» учун давлат органларига сўров юборганини таъкидлади.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 2024 йили USAID билан икки томонлама келишувлар доирасида турли йўналишларда 28 та узоқ муддатли дастур амалга оширилган. Умуман олганда, 2023-2024 йиллари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги мамлакатда иқтисодиёт, энергетика, соғлиқни сақлаш, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган дастурларга 26,5 миллион доллар ажратган.

Масалан, USAID Қозоғистоннинг божхона инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаларида иштирок этади. Марказий Осиё савдо агентлиги дастури доирасида Давлат даромадлари қўмитасига 385,8 миллион тенге (774 минг доллар) қийматидаги 12 дона сервер ускунаси топширилган. Амалга оширилган ташаббуслар қаторида «Узлуксиз транзит» лойиҳалари ва минтақа давлатлари ўртасида дастлабки маълумотлар алмашинуви ҳам бор.

20 январь куни Оқ уйга қайтган Дональд Трамп Американинг бошқа давлатларга ёрдамини 90 кунга тўхтатди. Бу фармон, биринчи навбатда, АҚШ президенти маъмурияти исрофгарчилик ва суиистеъмолликда айблаган USAID фаолиятига таъсир қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ