31 март куни Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон икки мамлакат ўртасидаги давлат чегарасига оид шартномани ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённомани имзоладилар. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
Баённомада, шунингдек, иккита ҳукуматлараро келишувлар: «Сув хўжалиги ва энергетика объектларидан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги ва «Автомобиль йўлларини қуриш ва улардан фойдаланиш, автомобиль йўллари чорраҳаларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳукуматлараро келишувлар ҳам қайд этилган.
Ратификация ёрлиқлари алмашинуви мазкур ҳужжатларнинг кучга кирганини тасдиқлайди.
Баённомани имзолаш маросими Садир Жапаровнинг Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари уч томонлама учрашувлари ва музокараларида, шунингдек, Наврўз байрамини нишонлаш ва бошқа қўшма тадбирларда иштирок этиш учун Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳрига ташриф буюрганида бўлиб ўтди.
ℹ️ Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича келишув ва юқорида қайд этилган битимлар икки республика президентлари томонидан 13 март куни имзоланган, ўшанда улар бир неча йиллардан бери фаолият кўрсатмаётган чегара назорат-ўтказиш пунктларини очишганди.