Қирғизистон президенти Садир Жапаров амнистия қўлланилмайдиган жиноятлар рўйхатини кенгайтирувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Имзоланган ҳужжат «Амнистия асослари ва уни қўллаш тартиби тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддаси 1-қисмига қўра қуйидаги бўлимлар билан тўлдирилади:
👉 террорчилик фаолиятини молиялаштириш (Қирғизистон Жиноят кодексининг 253-моддаси);
👉 террорчилик фаолиятини амалга оширишга оммавий чақириқлар (255-модда);
👉 уюшган гуруҳлар ва жиноий жамоаларни молиялаштириш (263-модда);
👉 қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний муомаласи (267-модда);
👉 қўпорувчилик (325-модда).
Шу тариқа, жиноятчилар амнистия кутмаслиги керак бўлган жиноятлар сони 50 тага етди. Рўйхатга оғирлаштирувчи ва ўта оғирлаштирувчи ҳолатларда қотиллик қилиш, болани фоҳишаликка жалб қилиш, гаровга олиш, геноцид, уруш ташвиқоти, ёлланма ва бошқа 40 дан ортиқ турдаги жиноятлар ҳам киритилган.
👉 Бундан ташқари, Қирғизистонда амнистия илгари афв этилган, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бир неча жиноят содир этган (ҳеч бўлмаганда биттаси амнистияга кирмаган), тузумни қасддан бузган деб эътироф этилган ёки уларга нисбатан мажбурий тарбия ёки даволаш чоралари қўлланилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек, амнистия хавфсизлик чоралари қўлланилган маҳкумларга ҳамда мажбурлов чоралари қўлланилган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
ℹ️ Амнистия одатда муҳим байрамлар ва юбилей саналарга атаб қўлланилади. Сўнггиси 2024 йил февралида Қирғизистон Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги муносабати билан эълон қилинганди ва у 600 га яқин одамни қамраб олганди.