9 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров 41 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда республика Жазони ижро этиш давлат хизматига таяниб, 24.kg нашри хабар берди.
Афв этилганлар орасида фуқаролик фаоллари ҳам бор. Булар 2024 йили Temirov Live ва «Айт Айт Десе» иш бўйича ҳибсга олинган, оммавий тартибсизликларга чақиришда айбланиб, беш йилга қамалган оқин ва журналист Азамат Ишенбеков. Шунингдек, 2023 йили ижтимоий тармоқда ёзувчи Олжобай Шокир видеосини қайта жойлаштиргани учун ҳибсга олинган ва беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган блогер Зарина Тўроқулова ҳам.
Тўроқулова қизи Айманнинг Kaktus.media нашрига маълум қилишича, Қирғизистон Олий суди Бишкек шаҳар суди чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдиргандан сўнг, унинг онаси авф этишларини сўраб ариза берган. Унинг адвокати Сапар Акунга кўра, Ишенбеков ҳам ариза берган. Тўроқулова ва Ишенбековнинг 9 апрель куни озодликка чиқиши кутилмоқда
Афв этилганлар орасида яна кимлар борлиги ҳақида хабар берилмаган.