Зилзила натижасида Тожикистоннинг Рашт туманида бола вафот этди

Тожикистон ФВҚ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистонда, 13 ва 14 апрель кунлари бир нечта зилзила юз берди ва унинг оқибатида бир бола ҳалок бўлди. Бундан ташқари, юзга яқин турар жойлар бутунлай вайрон бўлган, деб хабар беради республика ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролар мудофааси қўмитасининг (ФВҚ) матбуот хизмати.

Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг геофизик хизмати маълумотларига кўра, 13 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 09:24 да биринчи зилзила қайд этилган. Зилзила эпицентри Душанбедан 160 км, Рашт туманидан 21 километр олисликда бўлган. У ерда зилзила кучи 5-6 баллни ташкил этган.

Ер силкиниши 4-5 баллни ташкил этган мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида вайронагарчиликлар кузатилган. Зилзила натижасида Рашт туманининг Уштурпаст қишлоғида 2022 йили туғилган уч ёшар Абдуғани Машрабов қулаган уй девори остида қолиб кетган ва ўша ерда олинган жароҳатлардан вафот этган.

Мазкур туманда жами 40 та турар-жой биноси бутунлай вайрон бўлган, яна 5 таси қисман бузилган. Шунингдек, қишлоқ мактабининг ёрдамчи иншооти ва учта чойхона ҳам шикастланган.

ФВҚ экспертлари Тожикобод туманидаги зарарни баҳолаганлар. Бу ерда Қўмитага кўра, 45 турар-жой биноси бутунлай вайрон бўлган ва яна 61 та уй ва ўрта таълим муассасасининг 2 та биноси енгил зарар кўрган. Бундан ташқари, 200 га яқин ёрдамчи тузилмалар бутунлай йўқ бўлган, 3 та чойхона ва касалхона қисман қулаган. Қурбонлар йўқ.

Шунингдек, 13 апрель куни зилзилаларнинг яна бир қанча тўлқинлари қайд этилган: соат 12:14, 13:33 ва 19:34 да. Аммо бу ҳолатларда ер силкиниши енгил бўлган — эпицентрда 4-5 баллдан ошмаган.

14 апрель куни эрталаб соат 05:44 да яна бир зилзила содир бўлган. Унинг эпицентри Рашт туманидан 18 км олисликда бўлган. Зилзиланинг кучи 3-4 балл бўлган. ФВҚ такрорий ер силкинишлари оқибатида уйлар бузилмагани ва қурбонлар бўлмаганини маълум қилади.

ОАВ хабарларига кўра, Тожикистонга қўшни республикаларда ҳам зилзилалар қайт этилган. Шундай қилиб, Қирғизистоннинг Боткен ва Ўш вилоятларида ер силкиниши қайд этилган, унинг кучи 3,5 баллдан ошмаган. Ўзбекистонда эса 3 балл максимал даража кузатилган: Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида. Ушбу мамлакатларда бинолар шикастлангани ёки одамлар жабрланганига оид маълумотлар йўқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ