Россия Олий суди мамлакатда «Толибон» ҳаракати фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб, радикал ҳаракатни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Шундай қилиб, Олий суд РФ Бош прокуратураси даъвосини қаноатлантирди, деб хабар беради РБК.
Нашрнинг аниқлик киритишича, судя Олег Нефедов қарорни эълон қилган мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Шунинг учун даъво тафсилотлари номаълум. Журналистларга фақат суд қарори дарҳол ижро этилиши кераклиги ҳақида маълумот берилган.
Толиблар 2003 йилдан бери Россиянинг террорчи ташкилотлар рўйхатида эди. Ўша пайтда реестрда бу тузилма Чеченистондаги ноқонуний қуролли гуруҳлар билан алоқада экани ва террорчилик усулларидан фойдаланиши кўрсатилган. Бундан ташқари, ҳаракат Усама бин Ладен кўмагида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳокимиятни қўлга олиш имкониятларини қидирган.
Эндиликда Олий суд толибларни қора рўйхатдан олиб ташлади. РБК таъкидлашича, «Толибон» ўтган йили «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги федерал қонунга ўзгартиришлар киритилгандан сўнг рўйхатдан чиқарилган биринчи шундай ташкилот бўлди. Ўзгартиришларга кўра, агар ташкилот терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ёки қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятини тўхтатса ёки ушбу жиноятларни содир этишни бас қилса, унинг фаолиятини тақиқлаш суд қарори билан тўхтатилиши мумкин. Ташаббус муаллифларининг тушунтиришича, бундай механизм ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида яратилган.
Ўтган йил ноябрь ойида қонунчиликка киритилажак ўзгартиришлар муҳокамасидан олдин РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Афғонистон Бош вазири ўринбосари Абдул Ғани Барадар Охунд билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Унда россиялик сиёсатчи ўз мамлакати Афғонистон билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлаб, «сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида» «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан олиб ташлаш режаларига ишора қилганди.
ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йили «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Ўшанда Россия ҳам толибларни худди шундай рўйхатга қўшган.
Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган ва шундан бери жаҳон ҳамжамияти уларни тан олиши учун ҳаракат қилишади. 2021 йил октабр ойида Россия президенти Владимир Путин Россияда «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи кўриб чиқилаётганини, бироқ бу билан биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши шуғулланиши кераклигини айтганди.
Ўшанда Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Қабулов толибларни Россия ҳукумати томонидан тан олиниши «де-факто содир бўлаётганини» айтганди. Тақиқланган ҳаракат вакиллари мунтазам равишда Россияга ҳам амалий, ҳам шахсий ташриф буюришмоқда.