Раҳмон зилзиладан жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатишга доир буйруқ берди

Эмомали Раҳмон. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳукуматга 13-14 апрель кунлари содир бўлган зилзиладан жабр кўрган Рашт ва Тожикистонобод туманлари аҳолисига моддий ёрдам кўрсатиш бўйича буйруқ берди. Вазирлар Маҳкамасининг навбатдан ташқари мажлисида тегишли топшириқлар берилди, деб хабар қилади давлат раҳбари матбуот хизмати.

Жумладан, махсус комиссия ва ҳудудий штабга табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва якуний зарарни ҳисоблаш ишларини якунлаш вазифаси юклатилди. Президент зилзила натижасида уйлари тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган оилалар рўйхатини тузишни буюрди. Ушбу шахсларга бир марталик моддий ёрдам тўланади — миқдори белгиланмаган. Бундан ташқари, жабрланганлар қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва энг зарур маҳсулотлар билан таъминланади. Президент масъулларга сейсмикбардошлилик меъёрларига жавоб берадиган икки ва тўрт хонали уйлар лойиҳаларини қисқа вақт ичида тасдиқлашни топширди.

Шунингдек, уй-жойи шикастланган аҳолига хавфсиз жойлардан уй қуриш учун ер участкалари ажратилади. Вайрон бўлган биноларни таъмирлаш борасида республика раҳбари вилоят ҳокимликларига уларни ҳашар усулида тиклаш ишларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Раҳмоннинг таъкидлашича, «Тожиксуғурта» ширкати Рашт ва Тожикистонобод туманлари маъмурияти билан биргаликда фуқаролар ширкат билан тегишли шартнома тузганлигидан қатъи назар, ер силкинишидан жабрланганларга суғурта бадалини тўлайди.

Президент, шунингдек, саховатпеша инсонлардан, жумладан, Ҳаж ва Умра зиёратларига катта миқдорда маблағ сарфлаётган инсонлардан зилзила оқибатида бошпанасиз қолган оилаларга хайрия ёрдами кўрсатишни сўради.

Жорий йил 1 ноябрига қадар янги бинолар фойдаланишга топширилиши лозимлиги таъкидланди. Мазкур буйруқ ва президентнинг бошқа топшириқлари ижросини назорат қилиш Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода зиммасига юклатилди.

Ҳукумат йиғилишида махсус комиссия аъзолари зилзила оқибатларини ўрганиш натижасида олинган маълумотларни тақдим этди. Табиий офат оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна 16 киши тан жароҳати олган. 65 та турар-жой биноси тўлиқ, 193 таси қисман вайрон бўлган. Шунингдек, 150 та бино ва 193 та ёрдамчи иншоотлар зарар кўрган. Хусусан, вилоят шифохонаси, иккита тиббиёт пункти, саккизта мактаб ва ҳ.к.

ℹ️ 13 ва 14 апрель кунлари Тожикистонда кетма-кет зилзилалар кузатилди. Душанбедан 160 км узоқликда жойлашган зилзила марказида ер силкинишининг максимал кучи 5-6 баллни ташкил қилган. Рашт туманида юз берган табиий офат оқибатида бир бола ҳалок бўлгани маълум қилинди. Болани девор босиб қолган ва олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ