Мигрантларнинг рус тилидан имтиҳон топшириши Россия ғазнасини 30 миллион долларга бойитган

ецпк.рф сайти фотосурати

Мигрантлар учун рус тили имтиҳонлари Россия бюджетига қўшимча 2,5 миллиард рубль (30,4 миллион доллар) олиб келган. Бу ҳақда Давлат думасининг Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлиги йиғилишида «Единая Россия» фракцияси раҳбари Владимир Васильев маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Илгари бу маблағлар коррупцияга кетган бўлса, энди улар ғазнага келиб тушди», — деди Васильев.

Ўз навбатида, Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин ўзининг Телеграм-каналида Рособрнадзор томонидан мигрантлардан имтиҳон олишга масъул бўлган олий ўқув юртлари текширилган пайтда, мазкур муассасалар ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришда қонунбузарликларга йўл қўйгани аниқланганини ёзган.

«Қабул қилинган қонунларни инобатга олган ҳолда, эндиликда олийгоҳларнинг мансабдор шахслари ва имтиҳон қабул қилган шахсларнинг бу хатти-ҳаракатлари турлича квалификация қилиниши мумкин. Улар РФ Жиноят кодексининг 322.1-моддаси «Ноқонуний миграцияни ташкил этиш» бандига тўғри келади, унда 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Назорат ва ҳуқуқ тартибот органлари аниқланган фактларни тўғри ўрганиб чиқиши ва айбдорларни жавобгарликка тортишлари лозим», — дейди Володин.

ℹ️ Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да юз берган терактни содир этганликда гумон қилинаётганлар орасида Тожикистон фуқаролари аниқланганидан сўнг, Россияда чет элликларга мамлакатда яшаш рухсатномасини бераётган идоралар текширила бошланди. Жумладан, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида қонунбузарликлар аниқланган. Бу ерда терговчилар ноқонуний миграция каналини аниқлаб, жиноий иш доирасида беш кишини, жумладан, университетлардан бирининг тест маркази раҳбари ва унинг ўринбосарини ҳибсга олган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг сўзларига кўра, бу шахслар сохта имтиҳонлар ўтказиб, пул эвазига рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асосларидан имтиҳондан ўтганликка доир сертификатларни беришган. Ҳужжатлар 15 минг рублга (160 доллар) сотилган. Шундай қилиб, мансабдор шахслар ойига тахминан 7,5 миллион рубль (деярли 80,5 минг доллар) миқдорида жиноий даромад топишган.

Москвада худди шундай иш бўйича беш киши қўлга олинган, улар орасида А.С. Пушкин номидаги давлат рус тили институти ходимлари бўлган. Кўп ўтмай, институт ректори Наталья Трухановская чет элликлар учун имтиҳон тартибини етарли даражада назорат қилмагани учун ишдан бўшатилди.

Шундан сўнг, 2024 йил апрель ойида Россиядаги хусусий ташкилотларга мигрантлардан рус тилидан имтиҳон олиш тақиқланди, бу билан фақат университетлар ва давлат ташкилотлари шуғулланади.

Декабр ойида Россия ҳукумати турли ҳолларда чет элликлар учун имтиҳонларнинг ягона нархини тасдиқлади. Фуқароликни олишда қонунчилик асослари, рус тили ва мамлакат тарихи бўйича имтиҳон нархи ҳар бир имтиҳон учун 2,95 минг рублни ташкил этади. Вақтинчалик яшаш рухсатномаси ёки яшаш рухсатномасини олиш учун тил, тарих ва қонунчиликни билиш бўйича ягона имтиҳон талаб қилинади, бу 5,9 минг рублни ташкил қилади. Ишга рухсатнома ёки патент олишда мазкур фанлар бўйича имтиҳон 3,8 минг рублни ташкил қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ