Тожикистонда туман раҳбари буғдой экинзорларини буздириб, ўрнига пахта экишни талаб қилган

Тожикистон пахта даласида. "Азия-плюс" сайти фотосурати

Тожикистоннинг қатор вилоятларида маҳаллий ҳокимият ҳукумат баённомасига таяниб, фермерларни ерга пахта уруғини қадашга мажбурламоқда, айрим ҳолларда буғдой ва арпа экинзорлари йўқ қилмоқда. Бу ҳақда мансабдор шахслар хатти-ҳаракатларидан норози бўлган ўқувчилари шикоятларига асосланиб, «Азия-Плюс» нашри хабар берди.

Манбаларга кўра, Спитамен тумани раисининг шахсан ўзи далага келиб, фермерлар бошқа экинларга маблағ сарфлаган бўлсалар-да, 75 фоиз ерга пахта экишни талаб қилган.

«У буғдой ва арпа экинларини нобуд қилиб, бизни қийнаб қўйяпти. Илтимос, бу масалани кўриб чиқинг», — дейилади ўқувчиларнинг шикоятида.

Шикоят билан бирга таҳририятга 2025 йил январь ойидаги ҳукумат мажлиси баённомасининг нусхаси ҳам келиб тушган, унда Бош вазир, Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоятлар раҳбарларига пахта режаси бажарилмагани билан боғлиқ «вазиятни тўғрилаш» ҳамда ҳар ойда бажарилган ишлар бўйича ҳисобот бериб бориш буюрилган. Агар режалар бажарилмаса, амалдорлар ишдан бўшатилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу баённома мавжудлигини тасдиқлаган, бироқ мажбурий пахта етиштириш бўйича ҳеч қандай шикоят келиб тушмаганини айтган.

«Маҳаллий ҳокимият фермерлар фаолиятига аралашишга ҳақли эмас», — дейди вазир Қурбон Ҳакимзода. У қишлоқ хўжалиги фермерлари экин танлашда эркин эканини ва пахтани очиқ бозорда сотиши мумкинлигини таъкидлаган. Вазирнинг сўзларига кўра, муаммони олдиндан молиялаштириш ва эркин харидлар орқали ҳал қилиш мумкин.

ℹ️ Пахта Тожикистон учун анъанавий стратегик муҳим экин бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 20% ​​дан кўпроғини ташкил этувчи қишлоқ хўжалигида муҳим ўрин тутади, шунингдек, экспортнинг салмоқли улушига эга. Бироқ, фермерлар пахтанинг камдаромадлиги ва уни етиштириш мажбурийлигидан кўпроқ шикоят қилишади.

Пахтанининг харид нархи ҳар бир килограмм учун ўртача 6-7 сомони (1 доллар 10,8 сомонига тенг) туради, бу эса маҳсулот таннархидан паст – фермерлар ҳар гектарга 15 минг сомонига яқин маблағ сарфлашади, даромад эса 12 минг сомонидан ошмайди, бу эса зарарга олиб келади. Айни пайтда жаҳон бозорида пахта нархининг бир килограмми 15-16 сомонигача етиб бормоқда, аммо фермерларда ҳосилни тўғридан-тўғри сотиш имконияти йўқ.

Даромаднинг пастлиги пахта теримчиларга ҳам таъсир қилади, улар кунига тахминан 50 сомони олишади, қурилиш объектлари ва бошқа мавсумий ишларда эса 200 сомонига яқин ҳақ тўланади. 2024 йили Тожикистонда пахта ҳосили 26,5 фоизга – 344,4 минг тоннадан 253,2 минг тоннагача камайган. Қурбон Ҳакимзоданинг айтишича, асосий сабаблар ноқулай иқлим шароити ва агротехникадаги хатолар бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ